Наманганда МИБ фермердан 670 млн қарздорлик ундирди
Ижро ҳужжатига кўра, фермер хўжалигидан электр таъминотчи корхонаси фойдасига 670 млн сўм ундириш белгиланган.

Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси ва Поп туман бўлими томонидан электр энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ қарздорликларни ундириш борасида ижро ҳаракатлари изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, бўлим иш юритувига келиб тушган ижро ҳужжатига асосан, фермер хўжалигининг электр таъминоти корхонаси олдидаги қарздорлигини ундириш чоралари кўрилди.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида фермер хўжалигидан электр энергияси учун юзага келган салкам 670 миллион сўм қарздорлик тўлиқ ундирилиб, электр таъминотчи корхонаси ҳисоб рақамига ўтказилиши таъминланди.
Мазкур ижро ҳаракати электр энергияси учун тўлов интизомига риоя этиш, мавжуд қарздорликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда иқтисодий муносабатларда қонунийликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор кўрсатади.
Таъкидлаш жоизки, Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан суд ва бошқа ваколатли органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш, ундирувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ижро ҳужжатлари бўйича қарздорликларни ундириш юзасидан амалий ишлар давом эттирилмоқда.







