Эмлаш даражаси пасайди, касалланиш ошди: АҚШ қизамиқсиз мамлакат мақомидан айрилди
2026 йил бошидан буён мамлакатда 5 412 та касалланиш ҳолати қайд этилган.

АҚШ қизамиқни йўқ қилган мамлакат мақомини йўқотди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Пан Америка соғлиқни сақлаш ташкилоти АҚШнинг мазкур мақомини бекор қилган. Мамлакат бу мақомга 2000 йилда кенг кўламли эмлаш кампаниялари натижасида эришган эди. У вируснинг мамлакат ҳудудида камида 12 ой давомида узлуксиз тарқалиши кузатилмаганда берилади.
Нашр маълумотларига кўра, сўнгги икки йил ичида АҚШда қизамиқ эпидемияси кучайиб, касалланиш кўрсаткичлари ўнлаб йиллар давомида кузатилмаган даражага етган.
Пан Америка соғлиқни сақлаш ташкилотининг ноябрь ойидаги ҳисоботида қайд этилишича, касалланиш ҳолатларининг 96 фоизи эмланмаган ёки эмланганлик ҳолати номаълум бўлган одамларда аниқланган.
АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларининг (CDC) 12 ноябрь ҳолатидаги маълумотларига кўра, мамлакатда 5 412 та қизамиқ билан касалланиш ҳолати қайд этилган. Улардан етти нафари Пенсильвания штатида вафот этган. Беморларнинг 40 фоизини 5 ёшдан 19 ёшгача бўлганлар ташкил этади.
Таққослаш учун, 2025 йилда АҚШда 2 289 та қизамиқ ҳолати аниқланган ва касаллик оқибатида уч киши вафот этган.
Қизамиқ тарқалишининг кучайишига таъсир қилган омиллардан бири болалар орасида эмлаш даражасининг пасайиши бўлиши мумкин. Сўнгги олти йил ичида болалар боғчасига борадиган болалар орасида қизамиқ, тепки ва қизилчага қарши эмланганлар улуши 95,2 фоиздан 92,4 фоизгача камайган.








