Коррупция можароси: Қозоғистон Президенти Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарини алмаштирди
Бу қарор йирик давлат компаниялари раҳбарлари коррупцияга оид гумонлар билан ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтиб қабул қилинди.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Ермек Сагимбаевни Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) раиси лавозимидан озод этди. Бу ҳақда президент матбуот хизматига таяниб, Qazinform хабар берди.
Давлат раҳбарининг бошқа фармони билан МХҚ раиси ўринбосари Марат Ирменов қўмита раҳбари этиб тайинланди.
Сагимбаев 2022 йил январидан буён ушбу лавозимда фаолият юритиб келаётган эди. У 2026 йил августида қайта тайинланган. Ирменов эса 2025 йил октябридан МХҚ раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.
Раҳбариятдаги ўзгариш Қозоғистондаги йирик давлат компаниялари раҳбарларининг коррупцияга оид гумонлар билан ҳибсга олиниши ортидан юз берди. Аввалроқ МХҚ давлатга қарашли «Самрук-Қазина» жамғармаси бошқаруви раиси Нурлан Жақупов ҳамда «Қозоғистон темир йўли» компанияси раҳбари Элжас Отиншиев ва бошқа шахслар ҳибсга олинганини маълум қилган эди. Уларга нисбатан коррупцияга оид жиноятларни содир этиш гумони билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
13 ноябрь куни Тоқаев МХҚнинг ўша вақтдаги раиси Сагимбаев билан учрашиб, идора фаолияти, жумладан, коррупцияга қарши кураш масалаларини муҳокама қилган эди. Учрашувдан сўнг президент миллий хавфсизлик органлари фаолиятига оид бир қатор топшириқлар берган.








