Хабиб Нурмагомедов БААда музокара ўтказди: укаси ва унинг жамоадошлари озод қилинди
Усмон Нурмагомедов БААда собиқ UFC чемпиони Мераб Двалишвили билан боғлиқ муштлашув иши бўйича олти ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Собиқ UFC чемпиони Хабиб Нурмагомедов БАА расмийлари билан музокаралар олиб бориб, укаси Усмон Нурмагомедов ва можародан кейин ҳибсга олинган бошқа жангчиларнинг озод қилинишига кўмаклашган. Бу ҳақда Mash on Sport Telegram канали хабар берди.
Манбага кўра, Усмоннинг жамоадошлари дастлаб вазиятни Хабибнинг ёрдамисиз ҳал қилишга уринган. Улар UFC раҳбари Дана Уайт ва америкалик ҳамкорлардан ёрдам сўраган, бироқ БАА қонунчилиги сабабли масалани АҚШдаги каби ҳал қилиш имкони йўқлиги айтилган.
Шунингдек, россиялик жангчилар Магомед Анкалаев ва Ҳамзат Чимаев собиқ UFC чемпиони Мераб Двалишвилидан ҳибсга олинганларни озод қилишга ёрдам сўрашни илтимос қилган. Бироқ бу уриниш ҳам натижа бермаган.
Шундан сўнг Хабиб Нурмагомедов БААга бориб, мамлакат расмийлари билан бевосита музокаралар олиб борган. Mash on Sport маълумотига кўра, томонлар ҳибсга олинганларни босқичма-босқич озод қилиш бўйича келишувга эришган. Дастлаб жангчиларнинг бир гуруҳи, кейин эса Усмон Нурмагомедов ҳам озод этилган.
Манба яна бир келишув шарти сифатида можаро иштирокчилари воқеа юзасидан интервьюлар ёки ижтимоий тармоқларда очиқ изоҳ бермаслик мажбуриятини олганини билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 11 ноябрь куни Абу-Дабида RAF лигасининг медиа куни давомида Мераб Двалишвили, Усмон Нурмагомедов ва уларнинг жамоалари вакиллари ўртасида оммавий муштлашув юз берган. Ҳодиса акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган.
13 ноябрь куни суд қарорига кўра, муштлашувнинг саккиз нафар иштирокчиси олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, яна икки кишига жарима тайинланган. Двалишвили эса шу куни озод этилган.








