Ўзбек айвонлари Вашингтонда: Шавкат Мирзиёевнинг Трампга совғаси ўрнатилди
Айвонлар Ўзбекистон Президенти томонидан АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан Дональд Трамп ва Америка халқига совға қилинган эди.

Шавкат Мирзиёев томонидан АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан Президент Дональд Трамп ва Америка халқига тақдим этилган анъанавий ўзбек айвонлари Вашингтондаги тарихий West Potomac Park ҳудудига ўрнатилди.
Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сидиқов маълум қилди.
Элчининг таъкидлашича, ўзбек миллий меъморчилиги ва ҳунармандчилигининг бетакрор намуналарига айланган айвонлар икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик рамзи бўлиб хизмат қилади.
Айвонлар дунёнинг турли ҳудудларидан келадиган сайёҳлар учун ўзбек маданияти ва санъати билан яқиндан танишиш масканига айланиши кутилмоқда. Шунингдек, улар АҚШдаги ўзбек диаспораси учун миллий анъаналарни асраб-авайлаш ва маданий тадбирлар ўтказиш жойи бўлиб хизмат қилади.
Элчи маросим вақтида Президент Дональд Трамп вертолётининг боғ узра парвоз қилиши воқеага ўзгача рамзий маъно бағишлаганини қайд этди.








