Банкнотлардаги ёзувлар давлат тилида бўлиши шарт: пул белгиларига оид янги талаблар
Ўзбекистонда пул белгиларидаги ёзувлар давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилиши белгиланди.

Янги йўриқномага кўра, банкнотларда уларнинг серияси ва рақами, номинал қийматининг ёзув билан ифодаси, барча турдаги тўловлар учун қабул қилиниши мажбурийлиги ҳамда қалбакилаштирганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги ёзувлар бўлиши керак.
Пул белгиларининг дизайнида Ўзбекистон тарихи, миллий маданияти, қадриятлари, буюк алломалар ва мамлакат ютуқларини акс эттирувчи тасвирлардан фойдаланилади.
Пул белгиларидаги барча ёзувлар давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилади.
Шунингдек, улар инсон саломатлиги учун хавфсиз хомашёлардан тайёрланиши ва замонавий ҳимоя элементларига эга бўлиши лозим.
Йўриқномада аҳолининг ва тадбиркорларнинг нақд пул олиш ҳуқуқи ҳам кафолатланган. Унга кўра, банклар фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ҳисобварақларидаги маблағлар доирасида нақд пул олиш бўйича талабларини биринчи талаб билан узлуксиз қондириши шарт.
Бундан ташқари, банклар муомаладаги нақд пулларни номинал қиймати бўйича монеликсиз қабул қилиши керак.
Банкоматларда нақд пул етарли бўлиши учун банклар мижозларнинг нақд пулга бўлган эҳтиёжи ва банкоматлардаги пул айланмасини мунтазам таҳлил қилиб боради. Нақд пул етишмаслиги кутилган ҳолатларда эса қўшимча маблағларни жалб этиш чораларини кўради.
Яна бир муҳим жиҳат — Марказий банк ва тижорат банклари талабга кўра, бир номиналдаги пул белгиларини бошқа номиналдагиларига ҳеч қандай тўлов ёки воситачилик ҳақисиз айирбошлаб беради.
Янги банкнота ва тангалар муомалага чиқарилишидан камида бир ҳафта олдин бу ҳақда аҳоли хабардор қилинади.








