Мигрантлар учун патент нархи ошади: 2027 йилдан қанча тўлаш керак бўлади?
Санкт-Петербургда мигрантлар патенти учун минтақавий коэффициент 3,05 гача оширилади.

Санкт-Петербург парламенти мигрантлар учун меҳнат патентини олиш ва уни янгилаш нархини ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди.
Шаҳар губернатори томонидан тақдим этилган ҳужжатга кўра, патент учун аванс тўловини ҳисоблашда қўлланиладиган минтақавий коэффициентни 3,05 гача ошириш таклиф этилган.
Натижада ташкилотлар, якка тартибдаги тадбиркорлар, нотариуслар ва адвокатларда ишлайдиган хорижий фуқаролар учун патент нархи 11 минг рублни ташкил этади. Жисмоний шахслар томонидан шахсий, маиший ва бошқа шу каби эҳтиёжлар учун ёлланадиган мигрантлар эса 15,6 минг рубль тўлайди.
Ҳужжатга илова қилинган тушунтириш хатида янги тариф Санкт-Петербург бюджетига камида 17 миллиард рубль қўшимча даромад келтириши кутилаётгани қайд этилган.
2026 йилда шаҳарда меҳнат мигрантлари учун патент нархи 8 минг рублни ташкил қилмоқда. Ушбу тўлов 2018 йилдан буён ҳар йили ошириб келинмоқда.
Маълумот учун, қўшни Ленинград вилоятида ҳам 2027 йил учун шунга ўхшаш минтақавий коэффициент белгиланган.







