Коррупцияга қарши текширувлар: 1 500 нафардан ортиқ ходим ишдан бўшатилди
Ўзбекистонда 10 ой давомида 5 368 та хизмат текшируви ўтказилган.

2026 йил январь–октябрь ойларида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари томонидан 5 368 та хизмат текшируви ўтказилган. Текширувлар якунида ходимларга нисбатан 594 та жиноий, 160 та маъмурий ва 4 604 та интизомий жазо чораси қўлланилган. Шунингдек, 1 565 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров маълум қилди.
Давлат харидлари соҳасида ҳам қатор қонунбузилишлар аниқланган. Жумладан, 57,5 миллиард сўмлик 24 та харидда манфаатлар тўқнашуви, 239,9 миллиард сўмлик 90 та харидда эса аффилланганлик билан боғлиқ қоидабузарликлар аниқланиб, бартараф этилган.
Ҳисобот даврида 18 970 та эҳтимолий манфаатлар тўқнашувининг олди олинган, мавжуд 1 689 та ҳолат бартараф этилган. Қонунчилик талабларини бузиш билан боғлиқ 322 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Брифингда бешта вазирлик ва ташкилотда ўтказилаётган ҳуқуқий эксперимент натижалари ҳам тақдим этилган. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида давлат харидлари ва тиббий жиҳозлар нархларини қайта кўриб чиқиш орқали 247 миллиард сўм буджет маблағи тежалган.








