Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашиши мумкин: бунга ҳарорат инверсияси сабаб бўлади
19 ноябрь куни эрталаб ҳаво сифати халқаро AQI индекси бўйича “ўртача” даражагача яхшиланади.

19 ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрида ҳаво сифати ёмонлашиши мумкин. Прогнозларга кўра, кечқурун ҳаво сифати халқаро AQI индекси бўйича “носоғлом” даражага етиши мумкин. Туннинг иккинчи ярмида эса дастлаб “сезгир гуруҳлар учун носоғлом”, кейинчалик “ўртача” даражага тушиши кутилмоқда.
Миллий ҳаво сифати индекси бўйича ҳам кўрсаткичлар дастлаб “тўқ сариқ”, кейин “сариқ” ва “яшил” даражаларга ўзгариши прогноз қилинган.
Мутахассислар ҳаво сифати ёмонлашишини ҳароратнинг пасайиши, шамолнинг кучсизлиги ва кучли ҳарорат инверсияси билан изоҳламоқда. Бундай об-ҳаво шароитида маҳаллий ва қўшни ҳудудлардан келаётган ифлослантирувчи моддалар ҳамда PМ заррачалари тарқалмай, ер юзасига яқин ҳаво қатламида тўпланиб қолиши мумкин.
Кутилишича, 19 ноябрь куни эрталаб ҳаво сифати халқаро AQI индекси бўйича “ўртача” даражагача яхшиланади.








