Путин, Трамп ва Си Цзиньпиннинг учрашуви 1,5 соат давом этди: нималар муҳокама қилинди?
Раҳбарлар якунда ОАВ учун қўшма баёнот бермаган.

Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида Россия, АҚШ ва Хитой президентлари Владимир Путин, Дональд Трамп ҳамда Си Цзиньпин ўртасида уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Цилин Шанжуан меҳмонхона мажмуасида ўтказилган музокаралар бир ярим соат давом этди.
Учрашув якунида уч давлат раҳбари оммавий ахборот воситалари учун қўшма баёнот бермасдан тадбир жойини тарк этган.
Музокаралар олдидан бўлиб ўтган очиқ қисмда Си Цзиньпин учрашувни ўзига хос саммит деб атаб, унинг асосий мақсади йирик давлатлар ўртасида тинчлик ва стратегик барқарорликни сақлаш эканини таъкидлаган. Унинг фикрича, Россия, АҚШ ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик халқаро хавфсизлик учун алоҳида аҳамиятга эга.
Владимир Путин ҳам уч давлатнинг халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги умумий масъулиятини қайд этган. У муҳокама қилиниши мумкин бўлган масалалар қаторида глобал ва минтақавий иқтисодий алоқалар, озиқ-овқат ҳамда энергетика хавфсизлигини санаб ўтди. Шунингдек, Украинадаги можарони ҳал қилиш масаласида ҳам уч давлатнинг умумий манфаатлари борлигини билдирган.
Дональд Трамп эса раҳбарлар муҳокама қилиши керак бўлган масалалар кўплигини айтиб, учрашув тарихий аҳамият касб этишига умид билдирган. АҚШ президенти ҳамкорлик йўналишлари сифатида ядровий арсеналларни қисқартириш ва ядровий қуроллар тарқалишининг олдини олишни тилга олган. Шунингдек, Украинадаги можаро юзасидан Путин билан аввалги музокараларини эслаб, томонлар тўғри йўналишда ҳаракатланаётганини айтган.
Учрашувдан бир кун олдин Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков музокаралар учун бир соатдан ортиқ вақт ажратилмаганини билдирган эди. Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков эса суҳбат давомийлиги раҳбарларнинг муҳокамага қанчалик берилишига боғлиқлигини таъкидлаган.
Аввалроқ Россия, АҚШ ва Хитой томонлари саммит якунлари бўйича қўшма баёнот тайёрлаш устида ишлагани хабар қилинган эди. Бироқ якунда бундай ҳужжат эълон қилинмади. Ушаковнинг айтишича, ҳар бир раҳбар музокаралар натижаларига ўз баҳосини бериши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Шэньчжэндаги учрашувдан аввал 10–11 ноябрь кунлари Абу-Дабида Россия, Украина ва АҚШ делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтган. Унда Москва ва Киев ўртасида янги кенг кўламли асирлар алмашинуви бўйича келишувга эришилган эди.







