“Тўйимни тўхтатиш билан таҳдид қилишди”: Тошкентда товламачилик билан шуғулланган гуруҳ қўлга олинди
Гуруҳ аъзолари икки фуқаро ўртасидаги қарз муносабатига аралашиб, 11 минг долларни зўравонлик билан қўлга киритгани айтилмоқда.

ИИВ Тезкор қидирув департаменти, унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида кўча-кўйда низоларни зўравонлик ва безорилик йўли билан ҳал қилиб, товламачилик билан шуғулланган гуруҳ аъзолари ушланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Қўлга олинганлар орасида гуруҳ етакчиси А.У (лақаби — «Доля»), унинг шериклари Й.И («Скар»), З.Р («Туз») ҳамда А.Д («Доди») бор. Вазирлик маълумотига кўра, уларнинг айримлари муқаддам турли жиноятлар учун судланган.
Маълум қилинишича, 2026 йил сентябрь ойида икки таниш фуқаро ўртасида қарз олди-бердиси бўлган. Улардан бири шеригига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун бир йил муддатга 11 минг доллар қарз берган.
Бу ҳақда хабар топган жиноий гуруҳ аъзолари ноябрь ойида икки фуқаро ўртасидаги муносабатга аралашиб, қарз олган шахсни куч ишлатиш билан қўрқитган ва унинг танишига тегишли 11 минг долларни олиб қўйган. Бироқ пуллар эгасига қайтарилмаган, балки гуруҳ аъзолари томонидан ўзлаштирилган.
ИИВ хабарида қайд этилишича, гуруҳ аъзолари телефон савдоси, ойлик иш ҳақи, автомобил олди-сотдиси ва ишлаб топилган пулларни ундириб бериш каби турли масалаларда фуқароларга таҳдид ва босим ўтказган. Улар зўравонлик ҳамда товламачилик орқали миллионлаб пулларни талаб қилиб, жабрланувчиларни бу ҳақда сукут сақлашга мажбур қилган.
Жабрланганлардан бири гуруҳ аъзолари унга пичоқ билан таҳдид қилгани, оиласининг тинчини бузиш ва тўйини тўхтатиш билан қўрқитганини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган.








