Келиб чиқиши номаълум гўшт: Қаршида хонадондан 425 кг гўшт топилди
Гўштнинг истеъмолга яроқлилиги юзасидан лаборатория текшируви ўтказилади.

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги “Бўстон” маҳалласида жойлашган хонадонлардан бирида келиб чиқиши номаълум бўлган 425 килограмм гўшт маҳсулоти аниқланди.
Мазкур маҳсулотлар белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилиб, истеъмолга яроқлилигини аниқлаш мақсадида Қашқадарё вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бошқармаси лабораториясига топширилди.
Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, хонадондан топилган гўшт истеъмолга яроқсиз деб топилган. Ҳозирда лабораторияда қўшимча экспертиза ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги 386-сон қарорига мувофиқ, ҳайвонларни гўшт учун сўйиш ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида, белгиланган ветеринария-санитария талаблари асосида амалга оширилиши лозим.
Сўйилган ҳайвон гўшти ветеринария мутахассислари томонидан текширилиб, унинг истеъмолга яроқлилиги юзасидан тегишли хулоса расмийлаштирилади. Шунингдек, маҳсулот ҳақидаги маълумотлар электрон ахборот тизимига киритилиб, гўшт бўлакларига QR-кодли ёрлиқ ёпиштирилади.
Гўшт маҳсулотларини сотишда ҳам тегишли ветеринария ҳужжатлари ва ветеринария-санитария экспертизаси хулосаси бўлиши, маҳсулотлар махсус совуткичли расталарда сақланиши ҳамда белгиланган талабларга мувофиқ ташилиши шарт.
Келиб чиқиши тасдиқланмаган ва ветеринария-санитария талабларига жавоб бермайдиган гўшт маҳсулотларини сотишга йўл қўйилмайди.








