Кумушконда “Олтин бел” мажмуаси барпо этилди: 600 та иш ўрни яратилди
Мажмуа бир вақтнинг ўзида 6 минг нафаргача меҳмонларга хизмат кўрсатиш имконини беради.

Президент Шавкат Мирзиёев Паркент туманида қурилиш материаллари саноати ва туризмни ривожлантириш масалалари юзасидан инвесторлар ҳамда тадбиркорлар билан учрашув ўтказди.
Давлат раҳбари бир йил аввал Кумушконда Бўстонлиқ ва Зоминдаги туристик зоналардан қолишмайдиган йирик мажмуа барпо этиш вазифаси қўйилганини эслади. Маҳаллий лойиҳачилар ва қурувчиларга имконият бериш тамойили асосида 47 гектар майдонда “Олтин бел” мажмуаси бунёд этилди.
Мажмуада тўртта меҳмонхона, иккита ресторан, 51 та чалет, аквапарк, амфитеатр ва бошқа кўнгилочар иншоотлар ташкил қилинган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 6 минг нафаргача меҳмонларга хизмат кўрсатиш ва 600 та иш ўрни яратиш имконияти мавжуд.
Халқаро туризм академияси томонидан ташкил этилган курсларда 300 нафар мутахассис тайёрланди. Қурилиш ва жиҳозлашда маҳсулотларнинг 95 фоизи маҳаллий корхоналардан харид қилингани лойиҳа таннархини 20 фоизга камайтиришга имкон берди.
Ушбу тажриба асосида Нанай, Хонобод, Чимёнсой, Музбулоқ, Ургут, Элликқалъа ва бошқа ҳудудларда ҳам туризм масканларини барпо этиш таклиф қилинди.
Президент қурилиш индустрияси ва туризм бир-бирини тўлдирадиган, ўзаро янги имкониятлар очадиган соҳаларга айланиши зарурлигини таъкидлади.








