Тошкентда ҳаво сифати ўзгаради: кечаси айрим соатларда "носоғлом" даражага етиши мумкин
21 ноябрь куни эрталаб AQI бўйича “ўртача” даража қайд этилиши кутилмоқда.

21 ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрида ҳаво сифати бироз ўзгариши, айрим соатларда эса сезгир гуруҳлар учун носоғлом даражага етиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, Халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича кечки соатларда ҳаво сифати дастлаб “ўртача”, соат 20:00 дан 22:00 гача эса “сезгир гуруҳлар учун носоғлом” даражада бўлиши мумкин. Миллий ҳаво сифати индекси бўйича дастлаб “сариқ”, кейинчалик эса “яшил” даража кузатилиши прогноз қилинмоқда.
Ҳаво сифатининг ёмонлашишига ҳароратнинг пасайиши, кучсиз шамол ва кучли ҳарорат инверсияси таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай шароит маҳаллий ва қўшни ҳудудларда ҳосил бўлган ташламалар ҳамда PМ заррачаларининг тарқалишини чеклаб, уларнинг ер юзасига яқин ҳаво қатламида тўпланиб қолишига сабаб бўлади.
Прогнозларга кўра, соат 23:00 дан кейин ҳаво сифати яхшиланади. 21 ноябр куни ерталаб AQI бўйича “ўртача”, миллий индекс бўйича эса “яшил” даража кутилмоқда.








