Автобус ойналари нега қорайтирилган? “Тошшаҳартрансхизмат” сабабини тушунтирди
Тошкент автобусларидаги қорайтирилган ойналар ва ишламаётган электрон таблолар юзасидан эътирозлар билдирилган эди.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Тошкентдаги автобуслар ойналарининг қорайтирилгани ва айрим транспорт воситаларида бекатлар номини кўрсатувчи электрон таблолар ишламаётгани юзасидан билдирилган танқидий мурожаатга муносабат билдирди.
Компания маълумотига кўра, автобус ойналарини қорайтиришдан асосий мақсад ёзда йўловчиларни қуёш нурларидан ҳимоя қилиш, салоннинг ортиқча қизиб кетишининг олдини олиш ҳамда кондиционер самарадорлигини оширишдан иборат.
Қайд этилишича, бу ечим автобус салонида мўътадил ҳароратни сақлаш ва салқинликни узоқроқ таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, кечки пайт ва булутли об-ҳавода қорайтирилган ойналар йўловчиларга ташқарини кузатишда ноқулайлик туғдириши мумкинлиги ҳам тан олинган.
Шунингдек, компания автобус салонларидаги электрон ахборот таблоларининг ишлаш ҳолати мунтазам назорат қилинишини билдирди. Аниқланган техник носозликларни бартараф этиш ва қурилмаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ жамоатчилик томонидан билдирилган таклиф ва эътирозлар транспорт хизматлари сифатини яхшилашда инобатга олинишини маълум қилди.








