Пeруда 6,7 магнитудали зилзила: ер силкиниши Колумбияда ҳам сезилди
Ҳудудларда аҳоли хавфсизлик мақсадида уйларини тарк этган.

Перунинг марказий қисмида 6,7 магнитудали зилзила қайд этилди. Мамлакат Геофизика институти маълумотига кўра, ер силкинишлари Хунин ва Паско минтақалари чегарасидаги Хунин кўли яқинида юз берган. Зилзила ўчоғи 122 километр чуқурликда жойлашган.
Европа-Ўрта ер денгизи сейсмология маркази зилзила магнитудасини 6,8 деб баҳолаган.
Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, ер силкинишлари Перу пойтахти Лима ва унга яқин жойлашган Кальяо минтақасида сезилган. Колумбиянинг айрим ҳудудларида ҳам зилзила қайд этилгани хабар қилинган.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи бошида Панамада 7,2 магнитудали зилзила содир бўлган эди. Ўшанда Тинч океани цунами ҳақида огоҳлантириш маркази Панама қирғоқлари, шунингдек, Колумбия, Коста-Рика, Эквадор ва Марказий Американинг бошқа ҳудудлари учун цунами хавфи ҳақида огоҳлантирган.
Зилзила оқибатида Панаманинг бир нечта провинцияларида турар жойлар, давлат бинолари, мактаблар, шифохоналар, корхоналар ва йўлларга зарар етгани хабар қилинган.








