20 минг киши бошпанасиз қолди: Бразилияда бўрон уйларнинг 93 фоизига зарар етказди
Табиий офат оқибатида камида 5 киши ҳалок бўлди, 265 киши жароҳатланди.

Бразилиянинг жанубидаги Тупансирета шаҳрида юз берган кучли бўрон оқибатида қарийб 20 минг киши уйини тарк этишга мажбур бўлди. Табиий офат камида беш кишининг ҳаётига зомин бўлди, 265 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Халқаро миграция ташкилоти маълум қилди.
Ташкилот хабарига кўра, бўрон турар жой биноларининг 93 фоизига зарар етказган ёки уларни вайрон қилган. Тахминан 8 мингта уйнинг томи шикастланган ёки бутунлай учиб кетган.
Табиий офат электр энергияси ва сув таъминотида жиддий узилишларга сабаб бўлган. Касалхонага етказилган зарар туфайли беморлар қўшни ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларига кўчирилган. Мактаблар, қариялар уйлари ва бошқа ижтимоий объектлар ҳам зарар кўрган.
ХМТ вазиятни баҳолаш ва фавқулодда қутқарув ишларига кўмаклашиш учун шаҳарга мутахассисларини юборди. Ташкилот бошпаналарни бошқариш, гуманитар ёрдамни мувофиқлаштириш ва зарур воситаларни тарқатишда Бразилия ҳукуматини қўллаб-қувватламоқда.
ХМТга кўра, ҳозирги энг муҳим вазифа аҳолини хавфсиз бошпана билан таъминлаш ва зарур хизматларни тиклашдан иборат.
Бразилия Миллий метеорология институти маълумотига кўра, бўрон вақтида шамол тезлиги секундига 31,7 метрга етган.








