Олмаотадаги даҳшатли ёнғин: беш киши ёнғин қурбони бўлди
Ҳалок бўлганлар орасида вояга етмаган бола ҳам бор.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида содир бўлган кучли ёнғин беш кишининг ҳаётига зомин бўлди.
Маълумотларга кўра, фожиа 26 ноябрь куни тонгга яқин, соат 04:00 атрофида хусусий хонадонда содир бўлган. Ёнғин ҳақидаги хабар фавқулодда вазиятлар хизматига келиб тушгач, воқеа жойига қутқарувчилар етиб борган. Бироқ улар етиб келгунига қадар аланга бутун уйни қамраб олган эди.
Ёнғинни бартараф этиш учун 35 нафар қутқарувчи ва 9 та махсус техника сафарбар этилган. Олов тахминан 40 дақиқада ўчирилган.
Афсуски, қутқарувчилар беш кишининг ҳаётини сақлаб қолишнинг уддасидан чиқа олмаган. Улар орасида бола ҳам бор.
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари аниқланмоқда. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Тегишли идоралар фожиа тафсилотларини ўрганмоқда.








