Ёнилғи ташувчи цистерна ағдарилиши оқибатида 31 киши ҳалок бўлди
Ҳодиса оқибатида 21 киши жароҳатланди, 27 та автомобиль ва мотоциклга зарар етди.

Мисрнинг Гиза вилоятида ёнилғи ташувчи цистернанинг ағдарилиши оқибатида йирик ёнғин содир бўлди. Ҳодиса натижасида камида 31 киши ҳалок бўлган, 21 киши жароҳатланган.
Фожиа 25 ноябрь куни Қоҳирани айланиб ўтувчи ҳалқа йўлнинг Ал-Варроқ ҳудудида, 10-туннель яқинида содир бўлган. Цистерна ағдарилгач, ундан тўкилган ёнилғи алангаланиб, ёнғин йўлда ҳаракатланаётган транспорт воситаларига ҳам тарқалган. Оқибатда 27 та автомобиль ва мотоцикл ёнган.
Қутқарув ишларига 39 та тез ёрдам машинаси жалб қилинган. Жароҳатланганлар яқин атрофдаги шифохоналарга етказилган. Айрим қурбонларнинг шахсини аниқлаш мақсадида ДНК таҳлиллари ўтказилмоқда.
Ҳозирда ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, цистерна ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган бўлиши мумкин. Бироқ авариянинг аниқ сабаблари тергов натижаларига кўра белгиланади.








