Ибиза яқинида 7 минг тонна дизель ёқилғиси ортилган кема чўкди: бир киши ҳалок бўлди
Расмийлар ёқилғининг денгизга тўкилиши ва атроф-муҳитга зарар етиши мумкинлигидан хавотирда.

Испаниянинг Ибиза ороли яқинида 7 минг тоннага яқин дизель ёқилғиси ташиётган Med Emre кемаси чўкиб кетди. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлди, экипажнинг 16 нафар аъзоси қутқарилди. Айни пайтда расмийлар ёқилғининг денгизга сизиб чиқиши ва экологик зарар юзага келишидан хавотирда.
Ҳалокат пайшанбага ўтар кечаси Ўрта ер денгизида, Ибиза оролидан 25–30 денгиз мили шимолда содир бўлган. Бу ҳақда Балеар ороллари фавқулодда хизматлари маълум қилди.
Балеар ороллари ҳукумати Фавқулодда вазиятлар ва ички ишлар бошқармаси раҳбари Пабло Гарриснинг айтишича, ҳодиса ҳақида хабар маҳаллий вақт билан соат 01:20 атрофида олинган. Дастлабки маълумотларга кўра, кема корпусида тешик пайдо бўлиб, ичкарига сув кира бошлаган. Оқибатда кема чўкиб кетган.
Қутқарув операциясига Испания денгиз қутқарув хизмати, жумладан, денгиз ва авиация кучлари жалб этилган. Яқин атрофдаги бир нечта кема ҳам ёрдам кўрсатган.
Қутқарилган 17 нафар экипаж аъзосидан олти нафари Ибиза аэропортига, яна бири Can Misses шифохонасига олиб борилган. Кейинчалик шифохонада унинг вафот этгани тасдиқланган.
Ҳалокатдан сўнг денгиз муҳитининг ифлосланишига қарши кураш бўйича Миллий режанинг иккинчи даражадаги тайёргарлик босқичи фаоллаштирилган. Шунингдек, Балеар ороллари ҳукумати PLATERBAL минтақавий фуқаролик муҳофазаси режасини ноль даражада ишга туширган.
Ҳозирда мутахассислар эҳтимолий экологик зарар кўламини баҳоламоқда. Текширув натижаларига қараб, қўшимча чоралар кўриш масаласи ҳал қилинади.








