Латвия чегарасида номаълум дрон: NATO қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилди
Ҳодиса сабабли чегарага яқин ҳудудларда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Латвия қуролли кучлари 27 ноябрь куни тонгда мамлакат ҳаво ҳудудига номаълум дрон қисқа муддатга кириб келганини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ҳарбийлар маълумотига кўра, ҳодисага жавобан NATO қирувчи самолётлари ва дронларни тутиб қолувчи қурилма ишга туширилган. Латвия шарқидаги Лудза муниципалитетида ҳаво ҳудуди бузилиши хавфи ҳақида огоҳлантириш эълон қилинган. Кўп ўтмай, огоҳлантириш бекор қилинган.
Шунингдек, Лудза шимолида жойлашган Балви муниципалитетида ҳам хавф даражаси пастроқ бўлган огоҳлантириш жорий этилган. Кейинчалик у ҳам бекор қилинган.
Ҳодиса Россиянинг Ленинград вилоятида дронлар ҳужуми қайтарилаётган пайтда юз берган. Вилоят губернатори Александр Дрозденконинг айтишича, ҳудудда 40 дан ортиқ учувчисиз учиш аппарати уриб туширилган.
Аввалроқ Польша ҳам Россияни ўз ҳаво ҳудудини атайлаб бузганликда айблаган эди. Варшава эса Россия разведка дрони мамлакат чегарасини қисқа муддатга кесиб ўтганини билдирган.








