Ливан ва Исроил ўртасидаги сулҳ уч ҳафтага узайтирилди
“Ҳизбуллоҳ” гуруҳи вакили ҳам сулҳни давом эттириш тарафдори эканини, лекин бу Исроилнинг келишувга қанчалик риоя қилишига боғлиқлигини билдирди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Ливан ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишуви уч ҳафтага узайтирилганини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Маълум қилинишича, қарор Оқ уйда ўтказилган юқори даражадаги музокаралар якунида қабул қилинган.
Учрашувда Исроилнинг АҚШдаги элчиси Ечил Лейтер ҳамда Ливаннинг АҚШдаги элчиси Нада Мовад иштирок этди. Музокаралар АҚШ воситачилигида ўтказилди.
Трампга кўра, келишув зўравонлик даражасини камайтиришга хизмат қилмоқда ва томонлар ўртасида эҳтимолий тинчлик битимига эришиш имконияти мавжуд. У яқин вақт ичида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва Ливан президенти Жозеф Аун билан учрашув ўтказиш режалаштирилаётганини билдирди.
АҚШ томони Ливанга Ҳезбуллоҳга қарши ўзини ҳимоя қилишда ёрдам беришини маълум қилган. Мазкур гуруҳ музокараларда иштирок этмади ва ўз ҳаракатларини “босқинчи кучларга қаршилик” сифатида баҳоламоқда.
Аввалги 10 кунлик сулҳ ўтган ҳафта томонлар элчилари ўртасида эришилган бўлиб, дастлаб якшанба куни якунланиши кутилаётганди. Келишув зўравонликни камайтирганига қарамай, жанубий Ливанда тўқнашувлар давом этмоқда. Исроил ушбу ҳудудда “буфер зона” деб атаётган ҳудудни назорат қилмоқда.
Ливан томони кейинги музокараларда Исроил қўшинларини олиб чиқиш, қўлга олинган фуқароларни қайтариш ва давлатлараро қуруқлик чегарасини аниқлаштириш масалаларини кўтаришни режалаштирмоқда.
Исроил эса асосий эътибор Ҳизбуллоҳ фаолиятини чеклашга қаратилиши кераклигини таъкидламоқда. Элчи Лейтернинг билдиришича, ушбу гуруҳга нисбатан юмшоқ ёндашув умумий мақсадларга эришишни қийинлаштиради.
Шунингдек, сўнгги кунларда ҳудудда қурбонлар сони ошгани қайд этилди. Ливан маълумотларига кўра, Исроил зарбалари оқибатида бир неча киши, жумладан журналист Амал Халил ҳалок бўлган.
Ҳизбуллоҳ вакили Ҳассан Фадлаллаҳ сулҳни давом эттириш тарафдори эканини билдирган, бироқ бу Исроил томонидан келишув тўлиқ бажарилишига боғлиқ эканини таъкидлаган.
Маълумотларга кўра, 2 мартдан буён давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар натижасида Ливанда қарийб 2,5 минг киши ҳалок бўлган. Исроил жанубий ҳудудларда 5–10 километр чуқурликдаги ҳудудни назорат қилиб турибди ва бу орқали ўз шимолий ҳудудларини ракета ҳужумларидан ҳимоя қилишни мақсад қилган.
Исроил армияси жанубий Ливан аҳолисини ушбу ҳудудларга яқинлашмаслик ҳақида огоҳлантирди.








