24 соат ичида 104 та зарба: ҳусийлар Саудия Арабистонини айбламоқда
Ҳарбий қўмондонлик вакили ҳужумлар оқибати тинч аҳоли ҳалок бўлганини билдирди.

Ямандаги ҳусийлар ҳарбий қўмондонлиги вакили Яҳё Сари Саудия Арабистони сўнгги 24 соат ичида мамлакат ҳудудларига 104 та ҳаво ва ракета ҳужуми уюштирганини маълум қилди. Унинг даъво қилишича, зарбалар фуқаролик инфратузилмасига ҳам теккан ва тинч аҳоли орасида қурбонлар бор.
Бригада генерали Яҳё Сарининг ижтимоий тармоқларда ёзишича, ҳужумлар Яман пойтахти Сано ҳамда Дҳамар, Таиз, Амрон, Лаҳж, Ал-Жавф, Мариб, Саада ва Ҳодейда вилоятларида амалга оширилган.
Унинг таъкидлашича, зарбаларда Хамис Мушайт ва Тоиф авиабазаларидан учирилган Ф-15 ва Тйпҳоон самолётлари, шунингдек, Нажрон томондан йўлланган ракеталардан фойдаланилган.
Сари можаронинг сўнгги кескинлашуви бошланганидан буён Саудия Арабистони томонидан амалга оширилган ҳаво ва ракета ҳужумларининг умумий сони 2 281 тага етганини ҳам билдирган. Ушбу маълумотлар ҳусийлар вакилининг баёнотига асосланган бўлиб, келтирилган рақамлар ва қурбонлар ҳақидаги хабарлар мустақил манбалар орқали тасдиқлангани кўрсатилмаган.
Айни пайтда Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда иккита ракета тутиб олинганидан кейин уларнинг парчалари тушиши оқибатида тўрт киши жароҳатланган, 15 та турар жой биносига енгил моддий зарар етган.
Саудия Арабистони фуқаролик мудофааси хизмати ижтимоий тармоқларда берган маълумотига кўра, ракета қолдиқлари биноларга шикаст етказган ва тўрт кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган.








