Ўзбекистонда бизнесни рўйхатга олиш бошланади: жараён 30 ноябргача давом этади
Респондентлар ҳақидаги маълумотлар сир сақланиб, фақат статистик мақсадларда ишлатилади.

Ҳукуматнинг 2026 йил 9 октябрдаги 557-сон қарори билан Ўзбекистонда бизнесни рўйхатга олишни ўтказиш чора-тадбирлари тасдиқланди.
Қарорга кўра, рўйхатга олиш 15 октябрдан 30 ноябргача амалга оширилади. Рўйхатга олишнинг ҳисоб санаси эса 2026 йил 1 октябрь, соат 00:00 этиб белгиланган.
Жараёнда юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари, ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахслар, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган субъектлар ҳам қамраб олинади.
Юридик шахслар hisobot.stat.uz сайти орқали, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар эса census.stat.uz платформаси орқали мустақил рўйхатдан ўтади. Рўйхатга олувчи ходимлар иқтисодий бирликларни уларнинг фаолият юритаётган манзилида ҳам рўйхатга олади. Сўровлар соат 09:00 дан 18:00 гача ўтказилади.
Қарорда респондентлар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлиги ҳам белгиланган. Ушбу маълумотлардан фақат статистик мақсадларда фойдаланилади.
Рўйхатга олиш билан боғлиқ савол ва мурожаатлар учун 1851 қисқа рақамли колл-марказ ташкил этилади.
Рўйхатга олиш якунлари Миллий статистика қўмитасининг расмий сайтида 2027 йил 1 сентябргача эълон қилинади. Жараён тугаганидан кейин 10 кун давомида рўйхатга олинган иқтисодий бирликларнинг 5 фоизигача қисми танланма назорат тартибида текширилади.








