Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар “права”, “репититор” ва “ҳарбий чақирув” харажатлари учун вақтинчалик компенсация олиши мумкин
“Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори қабул қилинди.


Унга асосан, Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари ва оилавий болалар уйларида тарбияланган ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга энди автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида ўқиш учун БҲМнинг 4 бараваригача миқдорда маблағ ажратилади.
Шунингдек, ҳарбий хизматни ўташ бадали, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларига кетадиган харажатлар ҳамда мазкур тизим бўйича миллий сертификатлар олишда ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш учун тўланадиган тўловлар ҳам қоплаб берилади.
Бундан ташқари хусусий ташкилотларга ишга қабул қилинган, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни касбга қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади.
Мазкур вақтинчалик тартиб ва имкониятлар Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари ва оилавий болалар уйларида тарбияланган ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш учун амалга тадбиқ қилинган.
Бу турдаги ижтимоий ёрдамдан фойдаланиш учун аризачи доимий яшаш манзили ёки тарбияланган ҳудуддаги сектор штабига бориб, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Васийлик кенгташи раиси номига ёзма мурожаат қилиши лозим.
Қандай ҳужжатлар тақдим қилиниши керак?
Жумладан, “права” учун:
Ҳужжатда аризачининг шахсий идентификация рақами, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан компенсация қилиш сўралаётган ўқиш харажати миқдори кўрсатилиши шарт.
Шунингдек, арзига қуйидагилар илова қилинади:
- қайси муассасада тарбияланганлиги тўғрисидаги маълумотнома;
- автомактаб ва ариза берувчи ёш ўртасида тузилган шартнома нусхаси;
Ҳарбий хизмат бадали учун:
— ариза (унда шахсий индентификация рақами кўрсатилиши шарт);
— қайси муассасада тарбияланганлиги тўғрисидаги маълумотнома;
— “Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари” махсус ҳисоб рақамига бадал ўтказиш тартиби тўғрисида уч тарафлама шартнома (бунда мудофаа бўлими ва фуқаро томонидан имзоланган бўлиши лозим);
Касбга қайта тайёрлаш курсларига ўқитиш учун:
Бунда иш берувчи ўз ходимини қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш харажатининг бир қисмини компенсация қилишни сўраб Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқармасига ёзма ёки электрон равишда мурожаат қилади.
Аризада иш берувчининг номи, касбга қайта тайёрланадиган ходимнинг Ф.И.О ва унинг шахсий индентификация рақами, таълим ташкилоти номи, жойлашган жойи, касб номи, ўқиш муддати ва харажат миқдори ёзилган бўлиши лозим. Унга ходимнинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси илова қилинади.
Тайёрлов курслари ва миллий сертификат тўлови учун:
— Ўқув машғулотини ташкил этиш тўғрисида шартнома нусхаси (pdf форматда);
— Ўқув маркази томонидан имтиҳон топшириш харажати тўланган бўлса, тўлов топшириқномаси (pdf форматда);
Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлиги учун арзиа берувчи жавобгар ҳисобланади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга қуйидагилар амалга оширилгандан сўнг компенсация тўлаб берилади:
— компенсация тўланаётган вақтда “Ёшлар дафтари”да мавжуд бўлса;
— миллий серификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланганда;
— ўқиш ва имтихон топшириш харажатлари 2021 йил 1 ноябрь санасидан кейин тўланганда;
— миллий сетификат берилган санадан бошлаб 180 календарь кун мобайнида компенсация тўлашни сўраб мурожаат қилганда.
Эслатма: аризачидан ушбу бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим қилишни сўраш тақиқланади.
Бундан аввал ёшларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тасдиқлангани, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ажратаётган субсидия кимларга берилиши ҳамда Президент ёшларни қўллаб-қувватлашга доир фармонга имзо чеккани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







