Жозеф Вайсберг: АҚШ Россияга "ёвуз империя" сифатида қарашини бас қилиши зарур!
АҚШ марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Жозеф Вайсбергнинг сўзларига кўра, Вашингтон ҳамон “иккилик” дунёқарашга амал қилади ва Москвани “ёвуз империя” сифатида кўради.

“Америкалик сиёсатчиларнинг Москва билан муносабатлари ҳақидаги қарашлари ўтмишда қолиб кетган. Ўшанда Қўшма Штатлар ўзини "ахлоқсиз рақибнинг яхши қурбони" сифатида кўрсатган эди”, - деди Марказий разведка бошқармаси (CИА) собиқ агенти, ёзувчи ва "Америкаликлар" телесериали яратувчиси Жозеф Вайсберг.
Бу ҳақида The Washington Post'га таяниб Lenta.ru хабар тарқатмоқда.
Собиқ агент Москванинг Украинага қарши гўёки “тажовузкорлиги” ҳақидаги Ғарбнинг айбловларини совуқ уруш даври билан солиштирган.
“Ана шундан сўнг АҚШ ҳукумати ўз фуқароларига Совет Иттифоқини салбий руҳда таништира бошлади”, - дейди собиқ разведка ходими Вайсберг.
Маълумот учун, Вайсбер тахминан 20 йил давомида "совуқ урушнинг қатъий жангчиси" бўлган. Бироқ унинг айтишича, гарчи Америка тарафида бўлса ҳам, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳақида кўп нарсаларни қайта ўйлаб кўрган.
“Россия президенти Владимир Путин ва унинг Кремлдаги дўстлари барқарор, муносиб ва инсонпарвар. Улар демократиямизга таҳдид солувчи ёвуз одамлар эканига ишонмайман”, — дея қўшимча қилган у The Washington Post'га берган интервьюсида.
Собиқ разведка хизмати ходимининг айтишича, АҚШнинг ўзи аслида адолатсизлик қилган.
“Сўнгги йилларда Вашингтон Собиқ Иттифоқ республикаларининг “Европа интеграцияси” учун жуда кўп саъй-ҳаракатлар қилди. Бунинг натижасида эса Латвия, Литва ва Эстония НАТОга киритилган. Шундан сўнг эса Америка ўз қуролларини ушбу давлатлар ҳудудида жойлаштиришни бошлади. Кейинги босқичда Қўшма Штатлар Москвага қарши кўплаб санкцияларни қабул қилди. Бу қадамларнинг барчаси таҳдид сифатида кўриш мумкин бўлган тажовузкор ҳаракатлар эди. Буни ҳар қандай ақли расо шахс ёки давлат англай олади”.
Жозеф Вайсберг Оқ уй Москвани душман сифатида кўришни бас қилиши кераклигини таъкидлар экан, барчасини ортга ташлаган ҳолда, юзага келиши мумкин бўлган можароларнинг олдини олишга чақирган. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар чеклов чораларини бекор қилиши ва Россиянинг ички ишларига аралашмаслиги керак.
“Ишончим комилки, бу ҳолатга Москва ҳам ижобий жавоб беради”, - деган собиқ разведка хизмати ходими.
Аввалроқ АҚШ ва Россия муҳим йўналишда музокара олиб бораётгани маълум қилинганди.
Оламгир Абдиев







