Ғарб давлатлари Беларусга қарши Украинадан фойдаланишга ҳаракат қиляпти. Бу ҳақда президент Александр Лукашенко маълум қилди.
"Улар Украинадан Беларусга қарши фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Аммо мени ҳайратга солаётгани — Украина ҳозирча қимирламаяпти. У Беларусга қарши провокацияларга бормаяпти. Аммо уни Ғарбдаги қўшниларимиз фаол гижгижламоқда. Кимлигини ўзингиз биласиз", — деган у РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан суҳбатда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Россиянинг Украинага қарши ҳужумининг бир қисми айнан Беларусь орқали амалга оширилганди. Бу йил ушбу давлатда 11 минг россиялик аскар бор. Таҳлилчилар бу йирик ҳужум учун етарли эмаслигини айтмоқда. Катта эҳтимол билан бу Украинани шимолий чегараларда катта қўшин ушлаб туриши учун амалга оширилмоқда.
Беларусь ОАВ Лавровнинг Лукашенкога жавобини келтирмаган.


