
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2021 йил 10—17 ноябргача бўлган даврда Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгариши таҳлили вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар кесимида ўтказилди. Бу ҳақда Spot хабар берди.
Жумладан, республикада гуручнинг ўртача нархи таҳлил этилаётган даврда 0,2 фоизга пасайиб, 17 ноябрь ҳолатида бир килограмм гуруч 9 912 сўмни ташкил қилган. Ўртача нархлар даражаси Қорақалпоғистонда 6 520 сўмдан Тошкент шаҳрида 11 604 сўмгача бўлган диапазонда бўлган. Гуруч нархининг пасайиши (килограмм учун) деярли барча ҳудудларда кузатилган.
Қайд этилишича, пасайиш Сурхондарёда (1,1 фоиз), Хоразм (0,8 фоиз), Сирдарё (0,5 фоиз), Самарқанд (0,4 фоиз), Жиззах (0,1 фоиз), Бухоро (0,1 фоиз) вилоятларида ва, шунингдек, Қорақалпоғистонда (0,8 фоиз) кузатилган.
Шунингдек, мол гўшти нархининг пасайиши Бухоро (-1,1 фоиз), Қашқадарё (-0,7 фоиз), Жиззах (-0,4 фоиз), Самарқанд (-0,1 фоиз) вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистонда (-0,6 фоиз) кузатилган. Вилоятлар кесимида Навоий, Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида суякли мол гўшти нархи аввалги ҳафтага нисбатан ўзгармаган.
Туманлар кесимида бир килограмм суякли мол гўшт нархининг юқорилиги бўйича Оҳангарон (72 500 сўм/кг), Янгийўл (72 000 сўм/кг), Қуйичирчиқ (71 129 сўм/кг), Хива (71 000 сўм) ва Урганч (70 500 сўм/кг) туманлари топ 5 таликдан ўрин олган.
Таҳлил натижаларида айтилишича, шу давр мобайнида суякли мол гўшти ва гуруч нархларининг пасайиши қайд этилган.
Туманлар бўйича бир килограмм гуруч нархининг юқорилиги бўйича Тошлоқ (12 727 сўм/кг), Ёзёвон (12 700 сўм/кг), Янгийўл (12 667 сўм/кг), Юқоричирчиқ (12 500 сўм/кг) Учтепа (12 463 сўм/кг) туманлари топ 5 таликдан ўрин олган.
Таҳлил қилинаётган даврда тухум (ўн донаси), сут, картошка, кунгабоқар ёғи, буғдой уни, шакар нархларининг ўзгариши келтирилган. Ҳудудлар кесимида нархларнинг энг юқори ўсиши қуйидаги маҳсулотлар учун қайд этилган:
- тухум ўн донаси Бухоро (3,2 фоиз), Андижон (1,8 фоиз), Тошкент (1,3 фоиз), Қашқадарё (1,3 фоиз) вилоятларида;
- сут Бухоро (2,2 фоиз), Жиззах (1,4 фоиз), Тошкент (28,3 фоиз), Наманган (0,7 фоиз) вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистонда (1,0 фоиз);
- шакар Андижон (2,5 фоиз), Бухоро (2,0 фоиз), Тошкент (1,5 фоиз), Жиззах (0,9 фоиз), Наманган (0,8 фоиз) вилоятларида, шунингдек, Тошкент шаҳрида (1,2 фоиз);
- кунгабоқар ёғи Жиззах вилоятида (0,1 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (0,9 фоиз);
- ун Бухоро (1,3 фоиз), Хоразм (0,9 фоиз), Сирдарё (0,7 фоиз), Қашқадарё (0,6 фоиз) ва Фарғона (0,6 фоиз) вилоятларида;
- картошка Самарқанд (4,2 фоиз), Сирдарё (4,5 фоиз) Андижон (3,3 фоиз), Бухоро (2,7 фоиз), Тошкент (2,2 фоиз) вилоятларида.
Эслатиб ўтамиз, Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳудудий марказий деҳқон бозорларида ўтказилган кузатув натижалари бўйича алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари минимал-максимал нархи маълум қилинганди.
Аввалроқ Ўзбекистонда 61 та бозор комплекси сотилиши ва уларнинг 12 таси тугатилиши, истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,2 % га арзонлашгани ҳамда дунёда йил бошидан буён илк бор озиқ-овқат нархлари пасайгани ҳақида маълумотлар тақдим қилинганди.


