Саудия Арабистонидаги юлдузларнинг натижалари қандай?
Айни вақтда мамлакат чемпионати қизғин давом этмоқда.

"Ал-Ҳилол" Саудия Арабистони чемпионатида 9 турдан кейин 23 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ёзда жамоа лигадаги исталган клублар ичида энг ажойиб трансфер кампаниясини амалга оширди. Бир қанча суперюлдузлар дарҳол "Ал-Ҳилол" сафига қўшилди.
Дарвозабон Боно 3-турдан бери доимий равишда майдонга тушмоқда. У еттита ўйинда бешта гол ўтказиб юборди. Ҳимоячи Калиду Кулибали олтита ўйинда иштирок этди ва ҳатто "Ал-Шабаб" билан 8-тур ўйинида гол ҳам киритди. Сергей Милинкович-Савич етти ўйинда 4 (2+2) очко тўплашга муваффақ бўлди, шунингдек, "Ал-Риёд" билан 3-тур ўйинида майдондан четлатилди. Ярим ҳимоячи Рубен Невес мавсумнинг барча тўққизта ўйинида майдонга тушди. Португалиялик футболчи бир марта муваффақиятли узатмани амалга оширди, асосан ярим ҳимоячи вазифасини бажармоқда.
"Ал-Ҳилол"нинг ҳужумида Неймар – Малком – Митрович триоси муваффақиятли ҳаракат қилмоқда. "ПСЖ"нинг собиқ футболчиси уч турда иккита голли узатмани амалга оширишга муваффақ бўлди. Ёмон эмас, лекин ҳали асосий кутилган натижалар йўқ. "Зенит"дан Саудия Арабистонига кўчиб ўтган Малком лиганинг энг яхши ўйинчиларидан бири бўлиб турибди. У аллақачон тўққизта ўйинда олтита гол урган ва учта голли узатмани амалга оширган. Малком гол+пас тизими бўйича тўпурарлар рўйхатида учинчи ўринда. Александр Митрович ҳам ортда қолгани йўқ. У етти ўйинда олтита гол урди ва иккита голли узатмага муаллифлик қилди. Умуман олганда, ҳужум 100% ишламоқда, бу эса "Ал-Ҳилол"га етакчилик қилиш имконини беради.
Саудиянинг яна бир машҳур клуби, 2023 йилнинг ёзида юлдузлар билан тўлиб-тошган, "Ал-Аҳли" ҳам ажойиб ҳаракат қилмоқда. "Челси"дан кўчиб ўтган дарвозабон Эдуард Менди 1-турдан бери доимий равишда асосий таркибда ўйнамоқда. "Ювентус"нинг собиқ ҳимоячиси Мерих Демирал тўртта учрашувда иштирок этган ва ҳозирча алоҳида ҳаракатлари билан ажралиб тургани йўқ. Унинг иштирокидаги сўнгги икки ўйинда "Ал-Аҳли" саккизта гол ўтказиб юборган. Ярим ҳимояда Габриел Вейга ва Франк Кессие ўйнайди. Испаниялик футболчи бешта ўйинда ҳеч қандай фойдали ҳаракатлар кўрсатмади, аммо ивуарлик футболчи ўзини яхши ҳис қилмоқда. Кессие аллақачон тўртта гол урган.
"Ал-Аҳли"нинг ҳужуми юлдузларга бой. Риёд Маҳрез “Манчестер Сити”дан Саудия Арабистонига кўчиб ўтди ва тўққизта ўйинда 6 (3+3) очко тўплади. Ажойиб дриблингчи Аллан Сен-Максимин ҳам ўз техникасини Яқин Шарқда намойиш этмоқда. Франциялик футболчи ҳам иккита голли узатмани амалга оширди. "Ливерпул"нинг собиқ ҳужумчиси Роберто Фирмино эса саккиз учрашувда уч марта гол урди ва битта голли узатмани амалга оширди. Клуб чемпионатда учинчи ўринда бормоқда.
"Ал-Иттиҳод" ҳам 2023 йилнинг ёзида юлдузларнинг катта оқимига сабабчи бўлди. Карим Бензема июнь ойида трансфер ойнаси очилгандан кейин Саудия Арабистонига келган биринчи топ футболчи бўлди. Ҳозирча амалдаги “Олтин тўп” соҳиби кутилгандек ўйин кўрсата олмади. Франциялик футболчи чемпионатда еттита ўйин ўтказиб, учта гол урди ва иккита голли узатмани амалга оширди. Бензема жароҳати туфайли иккита ўйинни ўтказиб юборди.
"Ал-Иттиҳод"нинг яна икки юлдузи Фабинё ва НЪГоло Канте. Тўққиз учрашувда бразилиялик бирор марта ҳам гол ура олмаган. Аммо Канте барчани ҳайратга солмоқда. У тўққизта учрашувда аллақачон 3 (1+2) самарали очко тўплаган. "Ал Иттиҳод" айни вақтда учинчи ўринни "Ал Аҳли" ва "Ал Наср" билан бўлишиб, "Ал Ҳилол"дан атиги 4 очко ортда қолмоқда. Эслатиб ўтамиз, Бензема жамоаси амалдаги чемпион ҳисобланади.
Криштиану Роналду "Ал-Наср"га 2022 йилнинг декабрь ойида келган эди. Аммо ҳозир жамоада ажойиб футболчиларни тўпланган. Масалан, испаниялик Аймерик Лапорт (етти ўйин, битта голли узатма) ва бразилиялик Алекс Теллес (бешта ўйин) ҳимояда ўйнашади. Ярим ҳимоя ҳатто Европанинг топ-лигалари стандартлари бўйича ҳам кучли. 2023 йилги Чемпионлар лигаси финалчиси ва 2022 йилги жаҳон чемпионати бронза медали совриндори Марсело Брозович саккизта ўйинда биттадан голли узатмани амалга оширган. Шунингдек, "Ал-Наср"да Отавио (етти ўйин, икки гол), Андерсон Талиска (бешта ўйин, бешта гол ва иккита голли узатма) ва Секо Фофана (4 ўйин) ўйнамоқда.
Криштиану Роналду ҳужумда ҳукмронлик қилмоқда. Афсонавий португалиялик футболчи саккиз учрашувда 10 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди. Роналду Саудия Арабистони чемпионатининг энг яхши тўпурари ва гол+пас тизими бўйича етакчи ҳисобланади. Унинг асосий шериги Садио Мане эса тўққизта учрашувда олтита гол урди ва иккита голли узатмани амалга оширди.
"Ал-Наср" етакчи "Ал-Ҳилол"га яқин жойлашган. Роналду бошчилигидаги жамоа ҳисобида 19 очко бор ва "Ал Аҳли" ва "Ал Иттиҳод" билан бирга 3-ўринда бормоқда.
Яна бир юлдузли жамоани Стивен Жеррард бошқармоқда. Афсонавий футболчи «Ливерпул»нинг собиқ ўйинчилари Жордан Хендерсон ва Жоржинио Вейналдумни олиб келди. "Ал-Иттифоқ" эса ҳозирча еттинчи ўринда бормоқда. Вейналдум ҳозиргача тўртта ўйинда иккита гол урган. Хендерсон эса саккизта учрашувда тўртта голли узатмани амалга оширган. "Ал-Иттифоқ"нинг яна икки юлдузи ҳужумчилар Мусса Дембеле ва Демарай Грей ҳисобланади.







