
“Инвитро-Сибирь” клиник-диагностика лабораторияси бош шифокори Андрей Поздняковнинг айтишича, коронавирус эркак ва аёлнинг репродуктив функциясига таъсир қилади. Бироқ патоген микроорганизмнинг бевосита таъсир қилиш механизмларини олимлар ҳали батафсил ўрганмаган.
Унинг таъкидлашича, COVID-19 вирусининг эндотелийга (қон томирларининг ички қопламали ҳужайраларига), сўнгра тромб ҳосил бўлиш хавфининг ошишига ҳам таъсир қилиши аниқлиги ҳақида ўз фикрларини айтиб ўтган.
Шифокор, вирус танадан чиқиб кетгандан сўнг ҳам баъзи касалликларга, жумладан, қон айланишининг бузилишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Аммо ҳозиргача эркак ва аёл жинсий тизимига бевосита таъсир кўрсатадиган вируслар топилмаган.
Шу билан бирга, вируснинг ҳар қандай тури тухумдонлар функциясига таъсир қилиши мумкин.
Маълумот учун, куни кеча Туркия собиқ бош вазирининг ўғли Фатих Эрбаканнинг вакциналарга қарши баёноти эълон қилинди. Баёнот вақтида вирусга қарши эмланган ота-оналардан бир кўзли, думли ва бадани юнг билан қопланган болалар туғилаётгани айтилган. Аммо бу хабар ўз исботини топмади. Аслида, суратлар бир неча йил олдин ижтимоий тармоқларга қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал олимлар коронавируснинг ўта хавфли штамми пайдо бўлишини башорат қилгани ва унинг симптомлари сўнгги бир йилда жиддий ўзгаришга учраганини аниқлаганди.
Чўлпоной Аҳмедова


