Кеча Тошкент шаҳар судида шоир Йўлчи Рўзиев ва Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ўртасидаги навбатдаги апелляция суди бўлиб ўтди.
Суд жараёни 11.00 га белгиланган, бироқ иш 12.30 да бошланган. Маълумотларга кўра, Юлдуз Усмонованинг ўзи судга келмаган. Унинг номидан эса адвокати қатнашган. Маълум бўлишича, Шоир Йўлчи Рўзиев суддан журналистлар ва блогерлар иштирок этишини, суд жараёни ОАВ томонидан ёритиб борилишини илтимос қилган. Бироқ Усмонованинг адвокати бунга рози бўлмаган. Апелляция судлов ҳайъати ҳам шоирнинг илтимосини рад этган. Шу боис судда ОАВ иштирокига рухсат берилмаган.
Юлдуз Усмонованинг адвокати эътироз сифатида бир масалани кўтарар экан, қуйидагича сўзлаган:
“Усмонова унинг шеърини қўшиқ қилиб айтганлиги учун, шоир аслида маънавий жиҳатдан фойда кўрган, яъни унда ўзига ишончи пайдо бўлган. Юлдуз Усмонова қўшиқни айтиб шоирни аслида уни элга танитган, унгача шоирни ҳеч ким танимас эди. Шунинг учун шоир маънавий зарар кўрганлиги нотўғри”.
Мазкур даъвога Йўлчи Рўзиев кескин эътироз билдирган. Чунки Рўзевнинг таъкидича, шеърдан муаллифлик ҳуқуқини бузган ҳолда фаойдаланганлиги шоирнинг зарарига ишлаган. Шунингдек, кейинги жараёнларда Усмонованинг адвокати томонидан таклиф қилинган 3 нафар гувоҳ эшитилган. Қизиғи, уларнинг барчаси хонандага қайсидир жиҳатдан яқин кишилар бўлиб, учаласининг берган кўрсатмалари ҳам даъвогар, яъни шоир Йўлчи Рўзиевни рад этган. Шундай бўлса ҳам, судлов ҳайъати жараён давомида тарафларга келишув битими тузишлари мумкинлигини эслатиб ўтган. Тарафлар суддан ташқари келишув тузишга ҳаракат ҳам қилишган, бироқ ўртадаги келишув сумма туфайли амалга ошмаган.
Суд жараёнида, шоир томони ҳам, хонанда томони ҳам иш учун далил бўлувчи видеоёзувлар акс этган дискларни тақдим этган. Суд мана шу далилларни атрофлича ўрганиб чиқиш учун танаффус эълон қилган.
Маълумот учун, кейинги суд жараёни 2022 йил 11 январь куни, соат 12.00 га белгиланган.
Аввалроқ “Хаста бўлма” иши тинчиб кетмагани ҳамда Юлдуз Усмонова суд қарорига кўра шоирга 185 миллион сўм тўлаши ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев


