Навоийда оҳак ишлаб чиқариш цехида газ ўғрилари ушланди
Улар давлат ва жамият манфаатларига 295 миллион сўм зарар етказган.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси терговга қадар текширув ўтказди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Аниқланишича, “S.S.” МЧЖнинг газ таъминотидан қарздорлиги мавжудлиги сабабли тармоқдан узиб қуйилган. Шунга қарамай, МЧЖ масъул шахслари махсус тамғага шикаст етказиш орқали газ ҳисоблагич ускунасига қасддан ташқи таъсир кўрсатиб табиий газдан фойдаланишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда Бухоро вилоятининг Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига тегишли бўлган ускунани сотишга уринган собиқ цех бошлиғи ва унинг шериги қўлга олинганди. Шунингдек, Бухорода ноқонуний фреон газ баллонларини олиб киришга бўлган уринишнинг олди олингани, Самарқандда газ қуйиш шохобчаси давлатга 1 миллиард сўм зарар етказгани, Учкўприк туманида газ тармоғидан ноқонуний фойдаланган корхона аниқлангани ҳамда Самарқанд вилоятида қарийб уч миллиард сўмлик табиий газ ўғирлангани ҳақида хабар берилганди.







