“Олот” чегара божхона постида қўшни давлат орқали хориждан кириб келган юк автомашинаси ўрнатилган тартибда божхона назоратидан ўтказилди.
Ҳужжатларга кўра, мазкур юк автотранспорт воситасига қиймати 21 минг АҚШ долларини ташкил қилувчи салкам 21,7 тонна оғирликдаги таркибида озонни бузувчи моддалар бўлган 3 турдаги 1 290 дона фреон газ баллонлари ортилган эди. Аммо товарларни кўздан кечириш жараёнида мазкур фреонларнинг қадоқларидаги 22 рақами қўлбола тарзда ёпишқоқ ёрлиқлар кўмагида 134 рақамига ўзгартирилгани фош бўлди.
Яъни, “Хлордифторметан R22” моддасини ҳужжатларда гўёки “Тетрафторэтан 134а” тарзида кўрсатиш орқали юк эгалари ушбу товарларни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномаларсиз олиб кирмоқчи бўлишган.
Ҳозирда қиймати 2,7 миллиард сўмлик 1290 дона фреон газ баллонлари вақтинчалик сақловга олинди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан эса божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексида яқинда республика ҳудудига ҳаво йўллари орқали қалбаки валюталарни олиб киришга бўлган уринишларнинг олди олингани ҳамда Сирдарёда лочинларни 280 миллион сўмга пулламоқчи бўлган шахслар қўлга олингани ҳақида маълумот берганилганди.
Муножат Валиева


