Қирғизистонда Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт бериш бўйича жиноят иши очилди
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳар полицияси 2016 йилда Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт берилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан коррупция моддаси бўйича судгача бўлган тергов жараёнини бошлади. Бу ҳақда республика Ички ишлар вазирлиги хабар берди.


Маълумотларга кўра, ҳужжатларни ноқонуний расмийлаштириш тўғрисидаги қарор мамлакат президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссия томонидан қабул қилинган ва давлат раҳбари томонидан маъқулланган. Ўша пайтда Қирғизистонни Алмазбек Атамбоев бошқарган.
«Тергов жараёнида 2016 йилда Туркиянинг 10 нафар фуқаросини Қирғизистон фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида ноқонуний қарор қабул қилингани аниқланди», дейилади вазирлик хабарида.
Маълум қилинишича, Қирғизистон Жиноят кодексининг коррупция тўғрисидаги 319-моддаси моддасига кўра, ушбу жиноятга қўл урган шахсга нисбатан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш шаклида энг юқори жазо белгиланган бўлиб, ушбу ҳукм жиноят жиноий гуруҳ манфаатлари йўлида содир этилган бўлсагина амал қилади.
«Ҳозир терговчилар жиноятга алоқадор шахсларни аниқламоқда», дея қўшимча қилинган хабарда.
Маълумот учун, 2019 йил августда қўлга олинган Алмазбек Атамбоев бир қатор жиноятларда айбланиб, 11 йилу 2 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Унга қўйилган асосий айблов сифатида криминал Азиз Батукаевни озодликка чиқариш келтирилган. 2013 йилда 16 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Батукаев муддати якунланмай туриб озодликка чиқарилган. Атамбоев президентликдан кетгач, бу иш борасида текширув бошланган. Атамбоев айбини тан олмагач, ҳарбийлар унинг уйига бостириб кириб, қўлга олганди.







