Вакцинадан қанча фойда олиш мумкин?
Инқирозлар кўплаб муаммоларга сабаб бўлса-да, янги имкониятлар манбаи ҳамдир.


Пандемия дунё давлатлари иқтисодиётига катта зарба берган бўлса-да, янги даромадли манбаларини тақдим этди. Буни вакциналар мисолида яққол кўриш мумкин.
2020 йил октябрида РФ президенти Владимир Путин бизнес доиралар билан учрашув вақтида, яқин йилларда Россия вакцинаси 100 млрд АҚШ доллари атрофида сотилишини ва бу яхши бизнес эканлигини таъкидлаб ўтган эди. Ўтган ойлар бунинг айни ҳақиқат эканлигини тасдиқлади. Covid-19 кундан-кунга кенг тарқалиб бораётгани вакциналашни кенгайтириш ва иложи борича барча аҳоли қатламларини бу жараёнга жалб қилишни заруратга айлантириб қўйди. Жаҳоннинг етакчи давлатлари ва фармацевтика компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган вакциналар ҳозиргача миллиардлаб долларга сотилди ва сотилмоқда. Қуйида вакциналар савдоси қай даражада фойда келтириши ҳақида сўз юритилади.
“Спутник -V” Россияга қурол-яроғ савдосидан кўп фойда келтиради.

“Спутник -V” коронавирусга қарши рўйхатга олинган биринчи вакцина сифатида машҳур. 2021 йил июнь ойи ҳолатига кўра вакцина дунёнинг 67 давлатида рўйхатга олинган. Вакцина тўлиқ таъсир кўрсатиши учун 2 дозада олиниши шарт. Ҳозирда Россия экспортга 1 доза вакцинани 10 $ дан сотмоқда, унинг таннархи эса 9.5 $ ни ташкил қилади. Иқтисодчи А.Разуваев “Regnum” ахборот агентлигига берган интервьюсида 2021-2022-йилларда Россия 30 миллиард долларлик вакцина сотишини маълум қилди. Ҳозирги кунда РФ йилига 15 миллиард долларлик қурол, 37.1 миллиард долларлик газ сотади. Бу товарлар Россия экспортининг асосий қисмини ташкил этиши ҳисобга олинса, “Спутник-V” аста-секин Москва экспортининг муҳим қисмига айланиб бормоқда.
“Moderna”- 11 йил кутилган омад

Тимоти Спрингер ва Роберте Лангере исмли икки инвестор 2010 йилда “Moderna” компаниясига мос равишда 5 млн ва 1.5 млн $ сармоя киритишади. Бироқ орадан 11 йил ўтиб миллиардер бўлишлари ҳаёлларига ҳам келмаган бўлса ажаб эмас. 2021 йилга келиб Спрингер бойлиги 2 миллиард долларни, Лангере бойлиги эса 1.5 миллиард долларни ташкил қилмоқда. “Moderna” раҳбари Стефан Бансельнинг умумий бойлиги эса 4 миллирддан ошиб кетди. Ҳаммасига-пандемия сабабчи. “Moderna” вакцинасига ҳозирда талаб жуда катта ва бу компания акциялари нархи тобора ошишига сабаб бўлмоқда. Вакцина самарадорлиги 94 % ни ташкил қилади.
Ушбу вакцинанинг бир дозаси 25-37 АҚШ доллари атрофида. Июль ойида компания 100 млрд $га баҳоланди. Йил охирига қадар “Moderna” 18.4 миллиард доллар фойда олиши кутилмоқда.
Pfizer-BionTechнинг муваффақиятли савдоси дунё миллиардерлари сонини кўпайтирди

Pfizer-BionTech компанияси биргаликда Covid-19 га қарши энг самарали вакциналардан бирини яратди. Бу ўз навбатида вакцинага бўлган талабни ошириб юборди. Ҳозирда унинг самарадорлиги 90 % дан ортиқ. Pfizer компанияси биргина 2021 йилнинг дастлабки чорагида 3.5 миллиард доллар, BionTech эса 2 миллиард евро фойда олди. Йил охирига қадар Pfizer 26 миллиард доллар соф фойда олиши кутиляпти. BionTech асосчиларидан бири Угур Шахин вакциналарнинг муваффаққиятли савдоси ортидан илк бор миллиардерлар рўйхатига киритилди, унинг бойлиги 4.2 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Хулоса ўрнида
Маълумот ўрнида, шу пайтга қадар юртимизга 9,8 млн доза вакцина олиб келинган. Рақамлар ҳақида сўз кетганда, юқоридаги маълумотларни инобатга оладиган бўлсак вакцина арзон эмаслигини, уни сотиб олиш ва мамлакатга ташиш талабларига мувофиқ олиб келиш анча қийин масала эканини тушуниш мумкин.
23-июль куни бўлиб ўтган видеоселектр давомида ҳам бу масала шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қайд этилди. Давлатимиз раҳбари, Ўзбекистон халқига мурожат қилиб, барчани вакцина олишга даъват қилди. Президент вакциналарни келтириш катта қийинчилик билан амалга оширилаётганлигини таъкидлади.
Сўзимиз сўнгида мушоҳада учун яна рақамларни келтиришга қарор қилдик. Сўнгги маълумотларга кўра дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 194 миллиондан ошган, 4 милларддан ортиқ бемор вафот этган. Ўлим билан боғлиқ ҳолатларнинг жаҳон миқёсида кўпайишига, шубҳасиз, айрим давлатларнинг вакцинация жараёнини бепул амалга оширишга қурби етмаётгани ҳам сабаб. Хулоса эса ўзингиздан.
Жаҳонгир Қўзиев







