Бухоролик ҳамшира аёл хонадонга ўғирликка тушди
Аёл — меҳрибон она, севимли ёр, оила бекаси! Унга жиноят қилиш эмас, гўзаллик яратиш ярашади. Аммо орамизда мана шу гўзал ҳилқатга доғ тушираётганлар ҳам, афсуски, йўқ эмас. Осон йўл билан мўмай даромад топиш илинжида бухоролик 26 ёшли ҳамшира аёлнинг пешонасига “жиноятчи” деган тамға босилди.

Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг 11 июль кунидан 11 август кунига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс ўзганинг мол-мулкини қўлга киритиш мақсадида бухоро шаҳар Фатхобод кўчасида яшовчи, 1980 йилда туғилган Р.Л.нинг уйига ғайриқонуний равишда киради. Сўнгра шкафдаги кийим чўнтагидаги матога ўралган тилла тақинчоқларни яширин равишда талан-тарож қилиб, жабрланувчига 10 миллион сўм миқдорда моддий зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан ЖК.нинг 169-моддаси 2-қисми “Г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят иши бўйича олиб борилган тезкор-техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни бухоро шаҳар Б.Нақшбанд кўчасида яшовчи, 1994 йилда туғилган ҳамшира қиз A.З. содир қилганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қува туманида хонадондан 31 миллион сўм пулларни ўғирлаган шахс ушлангани ҳамда мактаб ўқувчиси хонадонга ўғирликка тушгани ҳақида хабар берилганди.
Баҳринисо Мадумарова тайёрлади.







