Савоб умидида шаръий никоҳ ўқиган чала мулла 15 суткага қамалди
Бугунги кунда ФҲДЁ томонидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай мулла ёки имом-хатиб жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилганига қарамай никоҳни савоб ёки бир оз маблағ умидида ўқиб қўяётганлар учрамоқда.

Суд ёки ФҲДЁ органлари томонидан ажрим тўғрисида қарор қабул қилинмасдан туриб, бошқа бир аёл билан ноқонуний равишда шаръий никоҳ ўқилаётгани оилалар бузилиши, ажримлар сони ошишига сабаб бўлмоқда
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди томонидан имом-хатиблар, маҳалла раислари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари иштирокида сайёр суд ўтказилди.
Судда сартарошхонада шаръий никоҳдан ўтиб хотинликка даъво қилган Э.А, хотин устига хотин олган, айни пайтда 4 аёлга уйланган «эри» К.У. га нисбатан қонуний жазо сўради. К.У. ўзига нисбатан билдирилган даъволарнинг ҳеч бирини рад этмади.
Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, сартарошхонада никоҳ ўқиган К.К нинг ҳеч қандай диний маълумоти бўлмаган. У бу ишни савоб умидида қилган. Лекин бу унга қимматга тушди.
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Қамаши туман суди сохта муллага 15 сутка қамоқ жазоси тайинлади.
Аввалроқ, Қамашида yоқонуний шаръий никоҳ ўқиган аёл ва уч эркак жазолангани ҳақида хабар берган эдик.







