Судьяни ҳақорат қилган шахс жазоланди
Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди ҳал қилув қароридан норози бўлиб, судьяни суд залида ҳақорат қилган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди.


Маълумотларга кўра, судланувчи Азиз Норматов Матлуба Ҳасанова билан 2013 йил июнь ойида турмуш қуриб, 2019 йил декабрь ойида оилавий келишмовчилик сабабли ажрашган. Уларнинг турмушидан икки нафар фарзанди бор. Ажримдан сўнг болалар ота қарамоғида бўлган. Орадан саккиз ой ўтиб, хотини фарзандларини қайтариб олиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига ариза билан мурожаат қилади. Аризага мувофиқ суд муҳокамаси ўтказилиб, болалар Матлуба Ҳасановага олиб берилади. Фарзандларини соғинган ота аёлнинг розилиги билан уларни яшаш хонадонига олиб келади. Орадан етти кун ўтгач кичик фарзандини онасига бериб, каттасини онаси олдига боришни истамагани сабабли ўзи билан олиб қолади. Шундан сўнг Матлуба Ҳасанова ўғлини ўз қарамоғига олиб беришни сўраб, яна судга мурожаат қилади.
2021 йилнинг 19 апрель куни ўтказилган судда қатнашиш мақсадида келган Азиз Норматов судьядан суд жараёнини видеотасвирга олишни сўраган. Судья бунга рухсат бермасдан, фарзандини онаси қарамоғига бериш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади. Судья қарорни ўқиб бўлганидан сўнг ўз норозилигини билдириб, тортишиб кетган ва жаҳл устида “калласи ишламайдиган судья экансан, сен ‘тупой’ни ким судья қилиб тайинлаган”,- деб судьяни куракда турмайдиган, шахснинг шаъни, қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан ҳақорат қилади.
Ушбу ишни кўриб чиққан шаҳар суди судьяси Улуғбек Шералиев жавобгар Азиз Норматовни Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топган. Унга нисбатан яшаш жойини кечки соат 21:00 дан тонгги 6:00 га қадар тарк этишни бир йил муддатга тақиқловчи, озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Шунингдек, унга яна бир қатор қўшимча тақиқлар ҳам юкланган.
Чўлпоной Аҳмедова







