Жиззахда молхона девори оралиғидан тарихий милтиқ топилди
Жиззах шаҳар “Обод” маҳалласида яшовчи фуқаро турар жойи ички ишлар идораси ходимлари томонидан кўздан кечирилганда ҳожатхона шифтидан ноқонуний равишда сақланаётган ов қуроли топилди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.


Ўтказилган экспертизада отиш учун яроқли бўлган 2 ствол, 12 калибрли ТОЗ 34 русумли ов қуроли 1974 йилда ишлаб чиқарилгани аниқланди. Хонадон эгаси қурол марҳум отасига тегишли эканини айтган.
Маълум қилинишича, ов қуролини уйида ноқонуний сақлагани ва ички ишлар органларига ўз вақтида топширмагани учун фуқарога энди қонунда белгиланган тартибда чора кўрилади.
Милтиқ билан боғлиқ яна бир ҳолат Фориш туманининг “Гардиши” маҳалласида ҳам рўй берди. Фуқаро И.У. ҳовлисидаги молхонани бузаётганида эски девор орасидан 1959 йилда ишлаб чиқарилган ТОЗ русумли 1 стволли 12 калибрли милтиқ топиб олади. Лекин у бу ҳақда дарҳол ИИОга маълум қилади.
Экспертиза натижасига кўра, ов қуроли яроқсиз экани аниқланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида ўз уйида гиёҳванд модда ва қурол сақлаган фуқаро қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







