Оҳангаронда таҳририят биноси бузиладиган бўлди
Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда "Оҳангарон ҳаёти" газетаси биноси бузиб ташланаётгани ҳақида хабар тарқалганди. Мазкур хабар бўйича Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.


Унда айтилишича, Оҳангарон шаҳар "Намуна" МФЙ ҳудудидаги бугунги кунда яроқсиз ҳолга келиб қолган "Оҳангарон ҳаёти" газетаси биноси қонуний тартибда бузилмоқда. Бу борада шаҳар ҳокими қарори қабул қилинган ва томонлар, яъни проваслав черкови ва таҳририят ўртасида бино-иншоотни “топшириш-қабул қилиш” далолатномаси имзоланган.
“Мазкур бинодаги газета архиви сақланаётган хонага эса ҳали зарар етказилмаган. У ердаги мулкни олиб чиқиб кетиш бўйича таҳририят вакиллари бир неча бор огоҳлантирилган. Қолаверса, икки ой аввал шаҳар ҳокимлиги каналида бинонинг бузилиши ҳақида билдириш эълон қилинган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда шуни маълум қиламизки, "Оҳангарон ҳаёти" газетасига тегишли бўлган бинонинг бузилишида ҳеч қандай ғайриқонуний ҳаракатларга йўл қўилмаган. Ҳолат бўйича батафсил маълумот берилади”, – дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, "Оҳангарон ҳаёти" газетаси учун шаҳар ҳокимлиги балансида бўлган бошқа бир бино қайта таъмирлаб бериш шарти билан ажратилган. Мазкур бино таҳририят томонидан қабул қилиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал ноқонуний ердан фойдаланиб, иморат тиклаган фуқарога чора кўрилгани ҳамда маҳаллий ҳокимликлар бино ва иншоотларнинг бузилиши бўйича 349 нафар тадбиркордан 123 миллиард сўм қарздор экани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







