Одамфурушларга жазо ҳукми ўқилди
Бухоро шаҳар судида одам савдоси жиноятини содир этган шахсларнинг иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда “ЎзА” сайтида хабар берилди.


Унда айтилишича, cудланувчи Ж.Ш. шериклари – онаси Ж.М. ва фуқаро А.М. билан ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда 2019 йилнинг сентябрь ойида X.Н.ni хорижий давлатдаги гўзаллик салонига ишга жойлаштириб қўйиш, у ерда яхши даромад топиши мумкинлиги тўғрисида ишонтиради. Улар аслида Х.Н.дан шаҳвоний мақсадларда фойдаланишни режалаштирган. Жиноий шериклар жабрланувчини белгиланган манзилга етиб бориши учун ўз ҳисобидан авиачипта ва саёҳлик визаси тайёрлаб беради.
2020 йилнинг 4 февраль куни “Тошкент-Шаржа” йўналишидаги авиарейс орқали хорижга учиб кетган фуқарони кўп қаватли уйларнинг бирига жойлаштириб, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик паспорти)ни олиб қўйишади. Қаршилик қилган X.Н. ни қўрқитишади, бегона эркаклар билан жинсий алоқа қилиш, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлашади. Шу кундан бошлаб, яъни 2020 йилнинг 4 февралидан то 24 майига қадар бўлган вақт оралиғида жабрланувчидан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиб, ноқонуний даромад тўплаб, одам савдоси жиноятини содир этади.
Мазкур жиноят иши судда ҳар томонлама, холисона кўриб чиқилиб, Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг ҳукми билан судланувчиларга қонунда белгиланган жазо чоралари қўлланилди.
Аввалроқ уч кишини Туркияга жўнатаётган аёл Тошкент аэропортида ушлангани ҳамда Самарқандда одам савдоси жиноятининг олди олингани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







