Сирдарёлик йигитлар Тошкентдан Душанбегача пиёда бормоқчи
Сирдарёлик ёшлар Элдор Жўраев ва Шерхон Шербоев тошкентдан Душанбе шаҳригача "Дўстлик марафони"ни ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда "Халқ сўзи Online" хабар қилди.

Унда айтилишича, ташаббускорлар «Тошкент — Бекобод — Истаравшан — Шаҳристон — Душанбе» йўналиши бўйича пиёда ҳаракатланиб, 415 километр масофани 9 кунда босиб ўтмоқчи. Йўналишнинг бир қисми Туркистон тоғ тизмасидаги довонга тўғри келади.
— Бундан аввал, яъни шу йилнинг 15 февраль — 24 март кунлари Андижондан Мўйноққача яёв борган эдик. Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга қаратилган бу лойиҳамизни жамоатчилик қўллаб-қувватлади. Минглаб тенгдошларимиз, юртдошларимиз ўз ҳудудларида бизга ҳамроҳлик қилиб, пиёда юришнинг аҳамияти нечоғлик муҳимлигини кўрсатишда бевосита иштирок этди. Мазкур лойиҳамиздан мақсад эса ён қўшнимиз, қардош Тожикистон халқи билан дўстлигимизни тараннум этиш ҳамда азалий ҳамжиҳатлигимизни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдан иборат. – дея Элдор Жўраевнинг сўзларини келтиради расмий сайт.
Бундан аввал Қорақалпоғистондан тошкентгача бир ҳафталик саёҳат қилган йўловчи, Ўзбекистонда энг кўп пиёда юрган деб топилган фуқаро 1,8 миллион сўм билан мукофотлангани ҳамда «Соғлом турмуш тарзи» платформаси фаолияти тўхтатилганига оид маълумот асоссиз бўлиб чиққани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







