Андижонда кўприкдан ўтиш 1000 сўм(ми?)
Андижонда сойга кўприк қуриб, аҳолини ундан ўтказиб қўйиш "бизнеси"ни йўлга қўйган фуқаронинг ушбу ҳаракати судда кўриб чиқилди.

Булоқбоши тумани ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг июль ойидаги табиий офат туфайли тумандаги “Аравонсой” кўприги яроқсиз ҳолатга келиб, кўприкдан фойдаланиш тўхтатилган.
Аммо 10 октябрь куни "Бозорбоши" МФЙ Чилонзор кўчасида яшовчи 35 ёшли, мукаддам судланган Н.Исманов ўзининг ноқонуний ҳатти-ҳаракати билан сойга 2 та ёғочдан кўприк ясаб, одамларни 1000 сўм эвазига ўтказиб қўйишни йўлга қўйган.
Фуқаронинг ушбу ҳаракати тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилиб, Булоқбоши тумани судида кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига кўра, Н.Исманов МЖтКнинг 183 ва 200-моддалари билан айбдор деб топилиб, 7 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Қайд этилишича, ҳозирда кўприк қурилиши ва таъмирлаш ишлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чирчиқ дарёси устига янги кўприк қурилиши ҳамда Ангор туманидаги авария ҳолатидаги кўприк ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







