Қамчиқ довонида икки одам ҳаёти сақлаб қолинди
ФВВ хабарига кщра, жорий йилнинг 12 октябрь куни соат 18:30 да Қамчиқ довонининг 240 км.да “Тошкент — Водий” йўналишида ҳаракатланган “Спарк” русумли автомобиль ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши натижасида йўл тагидан сув ўтказувчи иншоотга тушиб кетган.

Зудлик билан воқеа жойига Қамчиқ махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси қутқарувчилари, йўл-патрул хизмати ва тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келган.
Қутқарувчилар томонидан махсус асбоб-анжомлар ёрдамида автомашинада бўлган ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи чиқариб олинган. Жабрланганлар тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган.
Шундан сўнг махсус автокран ёрдамида сув ўтказувчи иншоотдан автомашина чиқариб олинган.
Тиббий ёрдамдан сўнг иккала фуқарога ҳам уйига кетишга рухсат берилган.
"Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳайдовчилардан довон орқали ҳаракатланганда барча хавфсизлик чораларини кўришларини сўраб қолади", – дейилади хабарда.
Бундан аввал Қамчиқ довонида “Cobalt” ағдарилиб кетгани, шунингдек, яна 4 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







