Мавсум бошланиши билан балиқ нархи ошди
Маҳаллий аҳоли орасида балиқни фақатгина “р” ҳарфи билан якунланадиган ойлардагина истеъмол қилиш мумкин деган “гап юради”. Бу бежиз эмас, албатта. Май-август ойларида балиқларда кўпайиш жараёни кечади. Қолаверса, об-ҳаво иссиқлиги боис улар тез айнийди. Шунинг учун ҳам, айнан, сентябрь балиқ мавсумининг бошланиши ҳисобланади.

Давлат статистика қўмитасининг истеъмол нархлари кузатуви маълумотларига кўра, сентябрь ойида балиқ ва бошқа денгиз маҳсулотлари нархлари август ойига нисбатан ўртача 1,3 % га қимматлашган. Йил бошидан буён балиқ ва бошқа денгиз маҳсулотлари нархлари ўртача 7,6 % га ошган.
Маълумот ўрнида: тиббий меъёрларга кўра, бир киши йил давомида ўртача 14 килограмм балиқ ва балиқ маҳсулотлари истеъмол қилиши тавсия этилади. Чунки бу неъмат таркибида инсон саломатлиги учун зарур кўплаб фойдали моддалар мавжуд бўлиб, унинг ўрнини қоплашнинг муқобили йўқ. Шунинг учун ҳам балиққа эҳтиёж ҳар доим юқори бўлган.







