Афғонистонда ҳокимият тепасида қўғирчоқлар ўтирибди – Афғонистон собиқ вице-президенти
Афғонистон собиқ вице-президенти Амрулла Солиҳ толибларнинг 2.5 ойлик ҳокимияти даврида юз берган салбий ўзгаришларни санади. Бу ҳақда “Спутник Афганистан” хабар берди.


Унга кўра, “Толибон” ҳукмронлиги ўрнатилган 2.5 ойлик даврда:
- Мамлакат ЯИМ 30 фоизга камайди;
- Аёллар шариат ниқоби остида қулликка маҳкум бўлди;
- Фуқаролик инфраструктураси ҳалокатга учради;
- ОАВлар ёпилиши, сўз эркинлиги бекор қилинди;
- Шаҳарлардаги ўрта синф йўқ бўлди;
- Банклар ёпилди;
- Афғон дипломатияси Доҳада фаолият олиб бормоқда;
- Халқаро муносабатлар ва хавфсизликка доир қарорлар Покистон томонидан қабул қилинмоқда;
- Ноҳукумат ташкилотлар марказий ҳукуматдан кучли;
- Ҳокимият тепасида қўғирчоқлар ўтирибди.
“Афғонистон Покистонга қўшилиб кетиш учун катталик қилади. Қақнуснинг чўғдан тирилишини кўриш – фақат вақт масаласи”, – деган Амрулла Солиҳ.
Аввалроқ Москва форматидаги маслаҳатлашувлардаги масалалар ҳамда АҚШ Афғонистон йўналишидаги сиёсатни қайта кўриб чиқмоқчилиги ҳақида хабар берилганди.







