Симёғочнинг яроқлилик муддати борми?
Жиззахлик фуқаро чириган симёғочни янгилаб беришларини сўрамоқда (видео).

Жиззах шаҳар Қалия маҳалласида яшовчи фуқаро Жалилов Ғуломдан zamon.uz сайтига авария ҳолатидаги симёғоч ҳақида мурожаат келиб тушди.
Бизнинг ҳовлимиз ва кўп қаватли уй ўртасидаги тахминан 50 метрлик масофа оралиғида симёғоч бор. 2016 йилда кўчиб келганимизда ҳам симёғоч таъмирталаб эди. Ҳозирда бу симёғочни деярли икки тарафдан келган электр симларигина ушлаб турипти холос. Жиззах шаҳар Электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Дилмурод Равшановга бир неча маротаба ёзма равишда мурожаат қилганмиз. Бўлди қилиб берамиз деб, ҳар хил баҳоналар сабаб қилишади
-дейилади мурожаатда.
Ҳар йили куз, қиш ва баҳор фаслидаги шамолли кунларда ёғоч устун қимирлаб, электр узатиш симлари узилиб кетади. Оқибатда бир неча кунлаб электр токисиз қолиб кетамиз. Ўзимиз тузаттирамиз десак, ҳеч бир уста симёғочга чиқишни истамайди. Сабаби у ичидан чириб бўлган. Шу тариқа яна ўзимиз шаҳар электр тармоқлари корхонасига бориб, мурожаат қилиб тўғирлатамиз.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январьдаги 22-сонли қарорининг 131-бандига мувофиқ ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ускуналарни, электр узатиш линияларини, электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини эксплуатация қилиш, уларга хизмат кўрсатиш ва ускуналарни таъмирлаш, шунингдек, ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида носозликларни бартараф этишга мажбур.
Қолаверса, ушбу фуқаронинг мурожаатини бефарқ қолдириш истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қоидаларига зид келади. Ишонамизки мазкур масала мутасадди ташкилотларни бефарқ қолдирмайди.
Юлдуз Рустамова







