Бухорода фирибгар аёл қўлга олинди
Аёл ишга олиб кириб қўйиш учун бир неча фуқародан чет эл валютаси олган.

Бухорода 45 ёшли Қ.М. исмли аёл тиббиёт соҳасидаги танишлари орқали ўзга бир аёлни вилоят онкология касалхонасига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган ва эвазига 500 АҚШ доллар сўраган. Лекин ишни ҳал эта олмаган ва унинг 400 АҚШ долларини "Карвон бозор"и ёнида қайтариб бераётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида гумон қилинувчи Қ.М. жорий йилнинг август ва сентябрь ойларида вилоят онкология ва юқумли касалликлар шифохонасига ишга киритиб қуйишни ваъда қилиб, М.Б. ва Ш.С. дан 700 АҚШ доллардан, Ф.Ш., А.Ф., М.И. ва М.Ш. дан 500 АҚШ доллардан, К.Б. дан 300 АҚШ доллар ҳамда Ф.Ж. дан 800 АҚШ доллар олиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборгани маълум бўлди.
Ҳозирги кунда ҳолат юзасидан Қ.М. га нисбатан Ж.К.нинг 168-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Жарқўрғон туманида захирадаги ерни сотмоқчи бўлган фирибгар ушлангани ҳамда Навоийда 2 000 доллар эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган ўқитувчи ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







