Сандиқларда сақланган адолат
Олий судда яна 120 нафар қатағон қурбонлари оқланди.

“Босмачи” номини олган аждодларимизнинг аччиқ қисматини кўпроқ уларнинг яқинлари, жигарлари дилдан ҳис этади, яхши тушунади.
Ўша машъум йилларда қатағон қурбони бўлган Муҳаммадниёз ўғли Рустамбекнинг кенжа набираси Муқаддас Ниёзбекова Америкада истиқомат қилган. У марҳум бобосининг оқланишидан хабар топгач, йиллар давомидаги қалб оғриқлари бироз енгиллагандек бўлади.
— Бобом ўз даврининг илмли кишиси бўлган. Жадидлар раҳномаларидан бири Мунавварқори Абдурашидхонов билан қалин дўст эди. Салоҳиддинхўжа домла бўларди, шуни одамисан, деб қатағон қилиб юборишган. Бу оқланув суди ҳақида 2 кун олдин хабар топдим. Америкада таҳсил олган қизим билан биргаликда бобомнинг анча йиллик архивларини қидириб топдик. Уларнинг хотирасини тикладик. Бобом 1880 йилда туғилиб, отаси ёрдамида савод чиқарган. Кейинчалик рус-тузем ва ўз бобоси очган мадрасада таҳсил олган. 1903-1918 йилдан мадрасада мударрис бўлиб ишлаган.
Шаҳидлар хотираси жамоат фонди раиси Бахтиёр Ҳасанов эса ушбу суд жараёнига қуйидагича муносабат билдирди:
— Қатағон қурбонига айланган кўпчилик туркистонликларнинг аксарияти “учлик” суд орқали судланишган. Ҳозирда 120 дан ортиқ “дело”да қолаётган муаммоли оқланиши режага қўйилган ишлар Бош Прокуратурага ва Олий судга юборилди. Ўрганишлар натижаси ўлароқ, аксарият қатағон қурбонларидан айбловлар олиб ташланди ва оқланди.
Бундан ташқари, қатағон қилинганларни ўрганадиган илмий гуруҳлар тузилди. Республикадаги 14 та музей атрофида ҳар бир вилоят кесимида тарихий хотира китобларини ҳам яратдик. Шунингдек, 40 мингдан ортиқ қатағон қурбони бўлган инсонларни номини оқладик. Ҳали ўрганилмаган 200 дан ортиқ хатлар мавжуд бўлиб, улардаги номи қора рўйхатда турган шахсларни ҳам оқланишига имконимиз бор.”
Маълумот учун: “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишга мувофиқ, ўтган даврда ушбу йўналишда муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Юртимизда 2001 йилдан буён ҳар йили 31 август — “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошида унинг бўлимлари ташкил этилди.
Чўлпоной Аҳмедова








