Жамият

Тушунинг, мажбур эмассиз!

Даврада ўйин-кулги авжига чиққан пайт бироз танаффус эълон қилиндию, барчага намойишкорона она қизининг қўлига 2 та узук, қулоғига зирак, бўйнига занжир тақди. Ана қарсак, ана олқиш...

Тушунинг, мажбур эмассиз!

 

Анчадан бери пойтахтда истиқомат қиламан. Шу ердаги таниш-билиш, яқинларимнинг тўйларида қатнашиб, гувоҳи бўляпман: тўйларда кераксиз “маросим”, ортиқча харажат ростдан ҳам кўп.

 

Тўйгача...

 

Масалан, ҳозир қиз узатиш фотиҳасида янги “удум” чиққан. Дастурхонга тортиладиган торт, сомса, шашлик, "табака", норин, ҳасип, турли пишириқ ва ширинликлар, мевалар сирасига қўзичоқни пишириб тортиш мода. Номини мангал дейишади. Бу тортиқнинг нархи бир миллиондан ошади.

 

Умуман, Тошкент шаҳрида, никоҳ тўйи давомида йигирмага яқин маросим ўтказилади. Баъзан бу маросимларнинг ҳар бири алоҳида тўйга айланиб кетади. Уларда ўзаро алмашинадиган совға-саломлар, сарпою тоғораларни айтмаса ҳам бўлади. Пойтахтдаги урф-одатга кўра, дастлаб “оқ ўрар” маросими бўлиб ўтади. Унда қизнинг онаси розилик аломати сифатида қуда томондан келган аёлларга бош-оёқ сарпо, мева ва ширинликлар билан ясатилган сават беради, дастурхон безатиб, меҳмон қилади. Ундан кейин «катта фотиҳа» маросими ўтказилади. Бу маросимда куёв томондан ўнлаб тоғорада егулик ҳамда келинга сарпо келади. Қиз томон улардан ҳам ошириб, яъни тоғора-тоғора таом, куёв ва қудаларга сарпо юборади. Тўйдан олдин куёвникида “мол ёяр” – мебель, парда, идиш-товоқлар, кўрпа-тўшаклар, гиламларни намойиш этиш маросими, келинникида эса “қизлар мажлиси” бўлиб ўтади. Тўй куни ресторанда ош берилади, куёвнавкарлар кутилади.

 

Тўйдан сўнг

 

“Келин салом”, “Чарлар”, “Ҳафталик” маросимлари, туғилган кунлар, ҳайитлар муносабати билан яна бир қанча қўшимча расм-русумлар бажарилади.(Бу ҳам етмагандек, қизнинг ота уйига келиши қимматга тушади. Токи қуда томон “бўлди, керак эмас” демагунича қиз уйидан ҳар келганида тоғора олиб кетаркан.)

 

Орадан бироз вақт ўтиб, ёш оилада янги меҳмон дунёга келади. Унинг шарафига эса “кичик қовурдоқ”, “катта қовурдоқ” деган маросимлар уюштирилади. Кейин навбат “бешик тўйи”дан “ақиқа”га уланиб кетади. Унда ҳам йиғилганларга турли совға-саломлар улашилади. Чақалоқнинг ота-онаси, бобо-бувилари, амакию аммаларига, ҳаттоки, уларнинг фарзандларига ҳам кийим ва совға-саломлар тарқатилади. Гўдак қирқ кунлик бўлганда “чиллагузарон” ўтказилиб, куёв томон турли сарпо, овқат ва пишириқлар билан меҳмон қилинади. биргина “қовурдоқ” маросимининг ўзида ҳозир камида ўнта тоғора ҳозирланади. Табака, норин, шашлик, сомса... Ҳар бир тоғорадаги егулик нархи камида 50 доллар атрофида.

 

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ана шу тадбирларда ҳам яна қайтадан келин-куёвга бош-оёқ сарпо, қуда тарафдан келган эркагу аёлга кийим-кечак улашиш давом эттирилади.

 

Ўтган йили бирга ишлайдиган шеригим қизини узатди. Тўйи учун ишхонадан анчагина қарз олди. Бу ҳам етмади. Банкдан кредит олди. Қарзларидан қутулиш арафасида эди. Энди қизи ҳомиладор, шу кунларда кўпайиш арафасида. Қуда томондан рўйхат келибди. Ҳали туғилмаган болага сарпо-суруғу, мебелгача рўйхатда бор. Хуллас, аёл боши билан қизим тинч бўлсин, дея топганини қудасиникига ҳамон тошимоқда.

 

Тўйгача ва ундан кейинги шу каби маросимларни адо этиш учун қанча маблағ кетишини ўйласангиз унча-бунча оилани шошириб қўйиши турган гап. Хўш, бундай ортиқча маросим, катта-катта сарф-харажатлардан мақсад нима? Кимга фойда? Ёшларнинг бахти, оиланинг мустаҳкамлиги мана шу сарпо-суруқлар билан белгиланадими? Афсуски, ундай эмас. Орамиздаги баъзи бир «орзуманд» одамларнинг ҳою-ҳавасларини деб қуда-андалар орасига совуқчилик тушиб, ёш оилалалар қўрғони дарз кетаётганига мен ҳам, сиз ҳам, ҳаммамиз гувоҳмиз-ку! Шу боис ҳам тўй-ҳашам, оилавий тадбир, маърака ва маросимларни тартибга солиш долзарблигича қолмоқда.

 

“Арзимаган” тўёна

 

Вилоятларда ўтказиладиган тўй, маросимлардаги аҳвол ҳам Тошкентникидан асло қолишмайди. Масалан, ўзим туғилиб ўсган Фарғонада сўнгги пайтларда янги-янги урфлар пайдо бўляпти. Мана мисол: суннат тўйида келиннинг онаси тўйболага кўрпа-тўшак қилиб ўзини “қийнамаяпти”-да бир рулон бахмал матони ҳадя қиляпти. Бир рулон! Тасаввур қиляпсизми?! Келинг, аниқлик киритамиз: ҳозир бозорларда бахмалнинг ўртача нархи 40-50 мингдан 300 юз минггача. Бир рулонда эса 24 метр мато бўлади. Буёғини ҳисоб-китоб қилаверинг...

 

Бу – хамир учидан патир. Келиннинг онаси тўйболанинг онасига, ҳатто, опа ёки сингилларига ҳам даврада тилло тақади. Кўриб қўйинг, дегандай... Яқин танишимнинг қайнонаси худди шундай қилганига шахсан гувоҳман. Даврада ўйин-кулгу авжига чиққан пайт бироз танаффус эълон қилиндию, барчага намойишкорона она қизининг қўлига 2 та узук, қулоғига зирак, бўйнига занжир тақди. Ана қарсак, ана олқиш... Ҳасад қилган ҳам, ҳавас қилган ҳам, куйгану кулган ҳам тилидан бол топиб, онани мақтади. Айтганча, шу орада тўйболанинг катта опаси ҳам бувисининг “ҳиммати”дан четда қолмади. Тилло зиракли бўлди. Қизиқиб сўрасам, шу тақинчоқларнинг ўзига 50 миллиондан ортиқ пул кетибди.

 

Тўйдан бир кун аввал келиннинг ота-онаси тўй соҳибининг ҳар бир фарзандига бош-оёқ сарпо-суруқлару ошхона ва ётоқхона мебели, гилам, парда, музлатгич, кир ювиш машинаси, идиш-товоқлар келтиргани ҳақида гапирмай қўя қолай.

 

Тўй, маросимлардаги “мажбурий” тартиб-қоидаларнинг ортиқча муаммо эканини ҳаммамиз яхши биламиз, уларнинг меъёрда бўлиши кераклигини тушунамиз ҳам. Бироқ амалга келганда эса мустақил фикримизга таяниб иш кўрмаймиз. Одамлар нима дейди, деган истиҳолани ҳеч енголмаймиз. Оқибатда ўз истагимизга, имкониятларимизга қарши борамиз.

 

Бувим доим тўйдан гап очилса, аввалги ва бугунги тўйларни солиштирадилар. Ҳозир бўлиб ўтаётган битта тўйнинг пулига бурунги пайтларда камида уч-тўртта тўйни ўйнаб-кулиб ўтказса бўларди, дейдилар доим. Тўғри, бугун замон ўзгарди, одамларнинг тафаккури ўзгарди. Шу билан бирга, нафси ҳам катталашиб кетди, менимча.

 

Оддий бир маросимнинг ҳам дабдабали ўтишига ўзимиз сабабчимиз. Болам ўксимасин деймиз, меҳмонларга боримизни тортиқ қилгимиз келади, бу йўлда ҳамма қийинчиликни бўйнимизга оламиз. Айримлар эса айнан тўй-ҳашам ва турли маросимлардан ўзининг жамиятдаги мавқеини сунъий равишда кўтариб олиш, бойликларини кўрсатиб қўйиш, кимдандир ўзиб кетганини исботлаш ва бошқа шу каби номаъқул мақсадларини амалга ошириш учун ҳам фойдаланаётгани ачинарли.

 

Ҳа, бу борада ўзимиз йўлимизга яна янги-янги тўсиқлар пайдо қиляпмиз. Қанийди, шунга яраша дабдабалар фарзандларимиз келажагини, уларнинг баркамоллиги ва бахтини кафолатлаб берса...

 

Тушунинг, мажбур эмассиз, ахир! Турли тадбир ва маросимларни серхаражат қилиб ўтказмасак, бирор қонун-қоида олдида жавобгарликка тортилмаймиз ёки кимдир ёқамиздан олмайди. Лекин нафсимизни, кибримизни тиймасак, исрофни билмасак, бунинг жавоби ва жазосидан қочиб қутулолмаймиз.

 

Баҳринисо Мадумарова

Белгияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

Белгияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

У Нидерландияда қурилишда ишлаётганда ўткир тиш инфекцияси билан касалланган. Брюссел орқали Ўзбекистонга келаётганда аҳволи ёмонлашган.

Швеция миграция қонунчилигини бузган ўзбекистонликларни депортация қилди

Швеция миграция қонунчилигини бузган ўзбекистонликларни депортация қилди

20 нафар Ўзбекистон фуқароси чартер рейс билан Тошкентга етиб келди.

Мактаб ўқувчилари ЙТҲ содир этди: қурбон бор

Мактаб ўқувчилари ЙТҲ содир этди: қурбон бор

Cobalt бошқарув йўқотилиши натижасида йўлдан чиқиб кетган.

Ўзбекистонда никоҳ барқарорлиги қай даражада?

Ўзбекистонда никоҳ барқарорлиги қай даражада?

Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида никоҳ барқарорлиги сақланган, лекин Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятида ажримлар сони юқори.

Кореяда вафот этган ўзбек аёлининг ўлимида қотиллик аломатлари аниқланмади

Кореяда вафот этган ўзбек аёлининг ўлимида қотиллик аломатлари аниқланмади

Мазкур ҳолатга Ўзбекистон ТИВ ойдинлик киритди.

АҚШда ўзбекистонлик талаба вафот этди

АҚШда ўзбекистонлик талаба вафот этди

Марҳум Stony Brook университетида компьютер технологиялари ва информатика йўналишида таҳсил олаётган бўлган.

Фарғонада вояга етмаган ака-ука сувда чўкиб, вафот этди

Фарғонада вояга етмаган ака-ука сувда чўкиб, вафот этди

Укасининг сувга тушиб кетганини кўрган ака уни қутқармоқчи бўлган.

Навоийда эридан қочган аёл ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Навоийда эридан қочган аёл ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ёлғон маълумот тарқалишига сабабчи бўлган блогер 20,6 млн сўм жаримага тортилди.

Тушунинг, мажбур эмассиз! | Zamon.uz